Карантин тугамаганини нега унутдик?

08.07.2021 15:07:23

Бугун ер шарида ҳукм сураётган коронавирус деган кўринмас ёв дунё халқларини катта ташвишга солиб, ҳатто дунёнинг энг тараққий этган мамлакатлари ҳам бу офат олдида эсанкираб қолишди.

Жонажон ватанимиз - Ўзбекистонда Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарликларида халқимизни ушбу касалликдан, унинг аянчли оқибатларидан имкон қадар кам талофот билан олиб чиқиш бўйича қатъий чоралар амалга оширилмоқда, бу борада 20дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ҳаммамизга маълумки, бир неча ой давом этган карантин чекловларидан кейин мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида карантин чекловлари юмшатилди. Эндиликда ушбу жараён тобора кенг қамровли бўлиб бораверади. Албатта бу аҳолининг кайфияти, талаб ва истаклари, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳалари ривожини инобатга олган ҳолда жорий этилди.

Кўрилган карантин чоралари ва пухта олиб борилган тиббий чора-тадбирлар сабабли аҳвол бирмунча яхшиланганлигини эътироф этган ҳолда коронавирус пандемияси ҳали чекинган эмаслигини таъкидламоқчиман.

Коронавирус пандемиясининг яна тарқаб кетмаслиги учун ҳар биримиз онгли равишда масъул эканлигимизни унутмайлик, ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва саломатлигимизга ўзимиз жавобгармиз, аслида. 

Санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, фарзандларимиз, ота-оналаримиз ва кекса ёшдаги аҳолининг соғликларини ўйлаб, саёҳат, меҳмондорчилик ва бошқа режаларимизни бироз кейинроққа қолдирайлик. Тиббий ниқобларни олиб ташлашга ва қўл бериб саломлашишга бироз шошилмайлик. Халқимизга хос бўлган қадимий урф-одатларимиздан  қўлимизни кўксимизга қўйиб саломлашишни канда қилмайлик.

 

Марҳабо ПАРДАЕВА,

Халқ депутатлари вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+