Касаба уюшмалари ишончли ҳимоячимиз

15.11.2022 11:11:50

Жамоат ташкилотлари орасида айтиш мумкинки касаба уюшмаларининг алоҳида ўрни бор. Биз қайси соҳада ишламайлик энг ишончли ташкилот сифати айни касаба уюшмасига таянамиз. Қолаверса, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бугунги кунда мамлакатимизда эркин ва фаровон ҳаёт, демократик жамият қуриш йўлида олиб бораётган изчил ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижаларини таъминлашда касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссаси бор.

Бир неча йиллик иш тажрибамдан келиб чиқиб айта оламан, ишчи-ходимлар учун оғир дамларда касаба уюшмалари ёрдам қўлини чўзади. Кутилмаганда саломатлигингиз йўқолса сизни соғломлаштирадиган ҳам, адолатсизликка дуч келсангиз ҳимоя қиладиган ҳам, жамоавий дам олишингизда ташкилотчи ҳам айни шу ташкилот. Айниқса кейинги йилларда касаба уюшмалари ҳаётида янги ривожланиш босқичи бошланганини инкор эта олмаймиз.

Бир танишим ишдан нотўғри бўшатилганди. Оиласида боқувчиси йўқ. Ўз ҳуқуқини талаб қилиб ташкилот раҳбарига бир неча бор мурожаат қилди, фойдаси бўлмади. Шунда бошланғич касаба уюшма ташкилотига юзланди. Касаба уюшмаси олиб борган саъй-ҳаракатлар сабаб у ўз ишига тикланди, яна қонун асосида сабабсиз ишдан четлатилган кунлари учун ҳам маошини олди. Шу-шу менда ҳам ҳимоячи ташкилотга бўлган ишонч ортди.

Президентимиз таклифи асосида 11 ноябрь-Ўзбекистон касаба уюшмалари куни бундан буён Умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди. Жуда ўринли таклиф. Кўп сонли ишчи-ходимларни ўз атрофида бирлаштирган ташкилотга эътибор бу. Зеро, такрор айтаман, касаба уюшмалари ҳам ҳимоячимиз, ҳам таянчимиз.

Илҳомжон Абдулазизов,

халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+