Кенг имкониятлар даври

29.09.2021 11:09:28

Бугун ёшларга қаратилган ўзгача эътиборнинг ўзиёқ биз ёшларни қувонтираётган энг муҳим сабаблардан бўлиб қолмоқда. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар эса чексиз имкониятлар эшигини очмоқда. Бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни кузатган ҳолда дадил айта оламизки, давлатимиз томонидан олиб бораётган сиёсат, ёшларнинг таълим-тарбия олиши, жисмоний ва ахлоқий баркамоллигини таъминлаш ҳамда жамиятимизда ўз ўрни ва сўзига эга бўла оладиган кадр сифатида шакллантиришга қаратилган амалий ишларда намоён бўлмоқда.

Aйниқса, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, соҳада ривожланган давлатлар тажрибаларидан фойдаланган ҳолда инновацион технологияларни жорий қилишга йўналтирилган чора-тадбирларнинг изчил амалиёти таъминланиб, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга жалб этиш вазифаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу сўзларнинг исботи сифатида жорийнинг йил 30 июлида мамлакат Президентининг “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан республикадаги барча олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да Ўзбекистон ёшларининг илм олишлари учун яна бир имконият саналади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида алоҳида режа ва дастурлар ишлаб чиқилиб, биринчи галда, ёшларни жисмонан соғлом ва ақлан баркамол қилиб тарбиялаш мақсадида маданият ва санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш ҳамда уларни замонавий билимларни ўрганиб  давр технологияларидан эркин фойдаланишини таъминлаш мақсадида интернет ва компьютер технологияларини ўргатишга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, аҳоли ҳусусан, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида ҳар ой китоб ярмаркалари ташкил этилиб, янги нашрдаги адабиётларнинг ўқувчилар қўлига етиб бориши таъминланмоқда. Натижада китоб мутолааси нафақат илм олишимиз, балки маънавий дунёқарашимизни янада бойитишга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Таълимга берилаётган эътиборнинг яна бир исботи сифатида шуни айтиш мумкинки, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилиб, ўғил-қизларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини бевосита ўрганиш йўлга қўйилди. Ушбу тажриба мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёзиб, барча шаҳар ва туманларда Ёшлар фестиваллари ўтказилди. Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади.

Бешинчи ташаббус бўйича эса тасдиқланган низом асосида талаба-қизларни келажак ҳаётга тайёрлаш, уларни ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида Республикамиз ҳудудлари бўйлаб замонавий тикув машиналари билан таъминланган тикув цехлар қизларимиз  учун фойдаланишга топширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон "Aдолат" СДП ҳам бугунги фаолияти давомида ёшларга ўз эътиборини қаратган ҳолда давра суҳбатлари ҳамда Республикамиз ҳудудларидаги партиямиз фаол ёшлари билан форумларни мунтазам равишда ўтказиб келмоқда. 2021 йил 14 июль куни Ўзбекистон “Aдолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Ёш адолатчилар” Форуми ташкил этилди. Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад эса ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали заҳарланишдан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборат. Эътироф этилганидек, мамлакатимизда ёшларга бўлган алоҳида эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки кенгайиб бормоқда. Шундай экан, навқирон авлод вакиллари бунга жавобан янада фаол бўлишлари, бор билим ва куч-ғайратларини “Aдолат” СДП нуфузини оширишга сафарбар этишлари даркор. Ёшлар муаммоларининг атрофлича ўрганилиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича субсидиялар берилиши ҳам назаримда Ўзбекистон "Aдолат" СДПнинг тизимли ишлаётгани ҳамда ёшлар ҳаётига бефарқ эмасликларидан далoлатдир. Том маънода бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни янада юксалтиришга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда.

Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара асосида берилмоқда.

Мана шу яратилган шарт-шароитлар, берилган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда юртимиз ёшлари ҳам барча фанлар бўйича ўтказилаётган фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ҳамда республика ва халқаро миқёсдаги турли танловларда иштирок этиб келмоқда. Нуфузли танлов ва мусобақаларда биз каби ёшларнинг иштирок этишимиз мамлакатнинг ёшларга бераётган яна бир имконияти деб айта оламан.

Шу давр мобайнида бир нарсага гувоҳ бўлдимки, биздаги ислоҳотлар шунчаки ислоҳот учун эмас, балки бугунги кун талабига жавоб бера оладиган юксак салоҳиятли, ҳар томонлама рақобатбардош ёшларга таълим-тарбия бериш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлардир.

Aзиз тенгдошим! Бизлар – Хоразмийлар, Фарғонийлар, буюк саркарда Aмир Темур-у Бобурийлар, тиб илмининг султони Ибн Сино-ю Улуғбеклар, Термизийлар, Мир Aлишер Навоийлар авлодлари ва давомчиларимиз. Шундай экан, бугунги яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда давлатимизни янада ривожлантириш йўлида белни маҳкам боғлаб, халқимизнинг маънавий куч-қудрати ва боқий қадрятларимизни асраб-авайлашда, дунёга тараннум этиш ҳамда келгусидаги авлодларга бус-бутунлигича етказишда ислоҳотларда таянч бўлмоғимиз лозим. Зеро, биз баркамол, ўктам авлодмиз. Келажаги буюк давлатмиз!

 

Эъзоза ДАЛИЕВА,

Учтепа туман «Ёш адолатчилар» қаноти

раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+