Кластер - қишлоқ хўжалигининг истиқболли тармоғидир

11.02.2021 16:02:37

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги йўналиш – кластер тизимига ўтиш бошланган. Бу тизимга соҳа одамларининг муносабати турлича. Уни ёқлаётганлар қаторида танқид қилаётганлар ҳам бор.

Фермерларнинг ери кластерга бирлаштирилиши важи билан тортиб олинаётгани борасидаги танқидий чиқишлар ҳам тез-тез кузатилиб турибди.

Масалага фермерликдан кластерга ўтиш деб эмас, балки қишлоқ хўжалигида, пахтачиликда бўлаётган ислоҳотларнинг намунаси деб қаралишини хоҳлардик. Бу соҳадаги катта янгилик.

Президентимиз буни оддий қилиб тушунтириб бердилар: “Пахтачилик саноати соҳага катта сармоя киритган ва энди тўқимачиликка кафолатланган миқдорда хомашё керак. Тўқимачилик соҳаси ишбилармонлари бунга бемалол киришиб кета олади”.

Бу сўзларнинг тўғрилигини вақт исботлаяпти.

Масалан, 2017 йилда Ўзбекистонда 1 дона кластер ишлаган бўлса, 2018 йилда 15 та ва 2019 йилда бу рақам 75 тага чиқди.  Кластер бу – тўпланиб ишни амалга оширишдир. Масалан, пахта етиштирилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун уни энди толага айлантириш керак. Кейинги қадамда тола ип калавага, ип калава эса матога айлантирилади. Сўнгги қадамда матодан маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Кластер тизими иккита йўналишда ташкил қилинди. Биринчиси, фермерлар ва тўқимачилик корхоналари ўртасида бевосита шартнома. Иккинчиси, салмоғи юқори бўлган тўқимачилик корхоналари фермерликни ўзи шакллантирмоқда. Кластер тизими дунёдаги бир қанча йирик давлатларда ўз самарасини кўрсатган.

Кластер йўналиши иқтисодиётнинг барча тармоғи учун истиқболли тармоқдир. Пахта экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик занжирга бирлаштирган кластер тизими соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Бунда илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграцияси чуқурлашади, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этишга қулай шароит яратилади.

Иқтисодиёт драйверларидан бири ҳисобланган ва сезиларли ўсиш салоҳиятига эга бўлган тўқимачилик саноати учун хом ашё сифатида пахтанинг сифати бир қатор ўзаро боғлиқ тармоқларнинг ривожланишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Йиғим-терим пайтида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, теримчиларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратилади.

                                                                                             

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

                                                                            Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                   Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+