«Конституция ранглар жилосида» кўрик-танловининг иштирокчилари тақдирланди

14.12.2022 17:12:23

Конституциямизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, оила қуриш, яшаш жойига эга бўлиш ҳамда ўз иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун шароит яратилиши ҳуқуқий ифодасини топган. Айнан «Конституция ранглар жилосида» кўрик танловининг ташкил этилиши ҳам, бугунги кун ёшлари учун катта етакчи куч ҳисобланади. Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан ушбу кўрик танловда Пастдарғом туманидан ҳам кўплаб иқтидорли ижодкор ўқувчилар иштирок этишди.

Албатта, бугун юртимизда аҳолининг олтмиш фоизидан ортиғини ташкил этаётган навқирон авлоднинг камолоти йўлида давлат томонидан кенг қамровли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, ташкил этилган танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш учун тақдим этилаётган ҳар бир ижодий ишни томоша қилар экансиз, тан олиб айтиш керак-ки бугунги ёшлар жуда кучли тасаввурга эга, қолаверса, уларнинг келажак ҳақидаги орзулари жудаям ижобий.

Пастдарғом тумани 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабидан ҳам танловга ўз ижодий ишларини тақдим этган 7 нафар иқтидорли ўқувчилар танловнинг Республика босқичини интизорлик билан кутишди. Куни кеча танлов иштирокчиларини тақдирлаш маросими ҳам катта шодиёна билан ташкил этилди. Мен мамнуният билан шуни айтишим мумкинки: менинг ўқувчиларим ҳам ушбу кўрик танлов иштирокчилари қаторида «Адолат» социал-демократик партияси Самарқанд вилояти кенгаши томонидан тақдирланишди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, партиянинг вилоят кенгаши ҳар бир иқтидорли ўқувчиларнинг, меҳнатини алоҳида инобатга олдилар, жумладан 300 га яқин ижодий иш топширилган бўлса, ҳар бир қатнашчи партиянинг эсдалик совғаси ва ташаккурномаси билан тақдирланди ва тақдирлаш маросимида иштирок эта олмаган ўқувчиларнинг совғалари ҳамда ташаккурномалар уларнинг туманларига ўз ўқитувчиларига юборилди. Кўрик танловида иштирок этган ҳеч бир иштирокчи назардан четда қолмади, зеро боланинг истеъдодини рағбатлантириб турилса, уларнинг кўнгли тоғдек ўсади, шижоатига шижоат қўшилади. Тадбирда «Конституция ранглар жилосида» Республика кўрик танловининг Республика босқичида ғолиб бўлган 6 нафар иқтидорли ўқувчиларга партия Сиёсий Кенгашининг қимматбаҳо совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилиб, 300 га яқин ёшлар партия вилоят кенгашининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Сўзим охирида нафақат менинг ўқувчиларим балки барча иқтидорли болаларга ушбу эътибор ва рағбат учун «Адолат» социал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаш раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ў.Абдуваитович,
Пастдарғом тумани 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+