Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар таълим тизимини янги босқичга олиб чиқади

15.07.2022 17:07:43

 

Шу кунларда мамлакатимизда  “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси қизғин ўтмоқда. Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори,  шубҳасиз, унинг бош қомусидир. Айнан бугунги кунда Конституцияни ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган ишлар унинг ҳар жиҳатдан халқчил ва халқаро талабларга жавоб бера оладиган, мукаммал мезонга айлантиришга қаратилган.

Айниқса, Конституциянинг 41-моддасига киритилаётган ўзгартириш таълим тизимида туб бурилиш бўлди десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 20 июнида Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилган учрашувда ҳам “Устоз ва мураббийлар билимларимиз, урф-одат ва анъаналар, маданиятимизни авлоддан-авлодга етказадиган буюк кучдир. Шундай экан устозга бўлган юксак эҳтиром  Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарур. Шунингдек педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат  мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилишга йўл қуйилмаслигини Конституция даражасида белгилаб қўйиш лозим” деб таъкидланиб, мазкур йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Қолаверса давлатимиз раҳбари томонидан таълим сифатини янада юқорига кўтариш, олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш, мактабгача таълим, мактаб таълими, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш учун эса албатта устоз ва мураббийларнинг, педагог ходимларнинг ҳуқуқларини Конституция даражасида мустаҳкамлаб қуйиш таклиф қилинди.

Амалиётда кўпгина ҳолатларда педагог ва мураббийлар фаолиятига, юқори ташкилот идоралари, таълим муассасаси раҳбарияти ёки “учинчи шахслар” томонидан “юқори”дан аралашув ёки хизмат фаолиятига кирмайдиган топшириқлар бериш каби салбий ҳолатлар учраб туради. Бу эса ўз навбатида таълим сифатига, педагог ходимларнинг ўқувчи ва талабалар билимини объектив баҳолашга, илмий ижод билан шуғулланишга тўсқинлик қилади.

“Педагог ходимлар мақоми” деганда – қонунчилик орқали мустаҳкамланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари тушунилади. Конституциянинг таклиф қилинаётган 41-моддасида:

Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир.

Педагог ходимларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътибори давлат ҳимоясидадир.

Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга шунингдек уларни хизмат мажбуриятларини бажаришга монелик қилишга йўл қўйилмайди” деб белгилаб қўйилган.

41-моддага қўшилган мазкур қўшимчалар, педагог ходимларнинг жамиятда ижтимоий қўллаб-қувватлашни, ўз касбий фаолиятини амалга оширишда уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар беришига хизмат қилади.

Шоира АКБАРОВА,

Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+