Конституцияга таклифингиз борми?

08.06.2022 14:06:43

Мамлакатимизда юз бераётган ҳуқуқий-демократик ислоҳотлар айни даврда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Ўз ўрнида мазкур эзгу ҳаракатлар тараққиётнинг зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини пайдо қилади.

Шу боис, айни кунларда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотларга старт берилгани халқимиз ҳаётида муҳим воқелик касб этди десак, янглишмаган бўламиз. Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан Самарқанд вилоятининг энг чекка ҳудуди бўлган Қўшработ туман тиббиёт бирлашмасида, тумандаги «Болғали» «Булоқбоши» ҳамда «Пангат» маҳалла фуқаролар йиғинларида мазкур муҳим сиёсий жараёнга бағишланган “Конституциявий ислоҳотлар партиямиз дастурий мақсадларига мос келади» мавзусидаги давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга кенг татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини акс эттириб уларнинг фаол ва ташаббускорлигини таъминлаш, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида аҳолининг таклифларини ўрганишни мақсад қилган ушбу тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий, маҳаллий Кенгашлари ходимлари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти ҳамда «Аёллар қаноти» илғорлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов сўз олиб Бош Қомусимизга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали уни янада такомиллаштириш Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган демократик давлатлари сафидан ўрин олишида муҳим омил бўлишини таъкидлади ҳамда йиғилганларни мазкур муҳим ва масъулиятли жараёнда фаол бўлишга чақирди. Шунингдек, тадбирда ҳеч бир ҳуқуқий ҳужжат «догма», яъни тошга ўхшаб қотиб турмаганидек, Конституция ҳам мамлакат ривожига монанд равишда, халқнинг манфаатларини тўлиқ кўзлаган ҳолда такомиллашиб бориши зарурлиги ва шундагина Бош қомус халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида тўлақонли акс эттира олиши таъкидланди. Қолаверса, кун тартибидаги масала партиянинг ташаббуслари ва дастурий мақсад-вазифаларига тўла мос келиши айтиб ўтилди.

Улуғбек Шамсиев, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори - Бугун биз жамоамиз билан жуда хурсанд бўлдик, партия томонидан ушбу тадбирни ташкил этилиб, қандай таклифларингиз бор, биз сизлардан таклиф олгани келдик, уларни тегишли жойларга етказамиз деб келганларига. Аввало ўзимни таклифимни айтиб олай. Оддий иш берувчи сифатида ўзим кўпинча қийин вазиятга тушиб қоламан. Ёш кадрлар иш сўраб келишади аммо бўш иш ўрни бўлмай қолади. Мамлакатимизда ёши улуғларга, пенционерларга ҳам катта шарт-шароитлар яратилиб, улар пенсия ёшига етганидан сўнг ҳам ҳам ишлаб ҳам нафақа пулларини олишлари учун йўл очилди. Лекин тиббиёт соҳасидан маълумки инсон 40 ёшдан ошганидан сўнг унда ҳар хил физиологик ўзгаришлар бўлади, йиллар жисмоний, ақлий салоҳиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Шуларни эътиборга олган ҳолда ички ишлар ходимлари, ҳарбий соҳа вакиллари сингари тиббиёт ходимларига ҳам имтиёзли пенсия ёшлари тайинланса, бундан ташқари имтиёзли равишда даволаниш учун йўлланмалар ташкил этилса яхши бўлар эди.

Малоҳат Каримова, тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси - Авваллари оилаларга ер участкалари ажратилар эди. Ҳозирда ер керак бўлса аукцион орқалигина олишингиз мумкин. Оилалар учун ипотека кредитлари асосида уй-жой ажратиляпти, аммо уларнинг нархи жуда баланд. Бошланғич тўловидан кейин ойига камида 3.5 млн.дан тушади. Оддий мисол тарзида айтадиган бўлсак, бугунги кунда 2 миллион сўм маош оладиган фуқаро пулини кредитига етказсинми, бола-чақа, рўзғорини камини ёпсинми? Шу уй-жой нархи борасида ҳам таклифларни эътиборга олишса яхши бўлар эди.

Шерали Равшанов, шифокор - Бош Қомусимизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Тиббиёт соҳасида ақлли тиббиётни амалиётга кенг жорий этишни йўлга қўйиш зарур деб ҳисоблайман. Ақлли тиббиёт – бу барча учун яхшироқ ташҳислашни, яхшироқ даволашни, яхшироқ касалликнинг олдини олиш имконини берадиган, инсонларнинг турмуш тарзи сифатини оширишга хизмат қиладиган замонавий инновацион технологиялардан ташкил топган тизим бўлиб, «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббий маълумотлар маркази» концепцияларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш, шифокорлар амалиётида ташхис қўйишга асосланган замонавий дастурларни татбиқ қилишга ва беморларни даволашда стандартлардан кенг фойдаланишга имконият яратади.

Анвар Достонов, «Булоқбоши» МФЙ фаоли - тиббиёт соҳаси ходимларига нисбатан қилинадиган тазйиқ, ҳақоратларга нисбатан қатъий жазо чораларини қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйиш зарур. Бундан ташқари Қўшработ тумани вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларидан бўлганлиги сабабли ишлаб чиқариш заводлари, корхоналар қурилса ёшлар, хотин-қизлар бандлиги таъминлашга, чекка ҳудудларни ҳам янада ободонлашиб, кўркамлашишига ҳисса қўшилган бўлар эди.

Ўзаро савол жавоблар, мунозараларга бой бўлган тадбирда партия фаоллари ва илғорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор қатор таклифлари олинди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар юз бераётган айни кунларда «Адолат» СДП томонидан жойларда, партиянинг турли бўғинларида фаоллар, ёшлар ва хотин қизлар иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фуқароларимизга кун тартибидаги асосий масала юзасидан атрофлича маълумот бериш баробарида, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.

Муҳиба Бабабекова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+