Конституция – мустақил давлатчилигимиз асоси

08.12.2023 00:12:50

Жорий йилнинг 8-декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 31 йил тўлади. Истиқлолга эришгач, мамлакатимиз тараққиётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуқлар замирида мана шу Асосий Қонунимиз ётади.


Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Асосий Қонунимиз ўтган йиллар мобайнида жаҳон мезонлари талабларига жавоб берибгина қолмай, халқаро миқёсда намуна бўлгулик ҳуқуқий ҳужжат эканини ҳам кўрсатади.
Жорий йилнинг 30-апрель куни бўлиб ўтган Умумхалқ референдумида халқимиз хоҳиш-иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бугунги давр талаблари асосида янада такомилига етди.


Эндиликда ушбу янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини ва унда белгиланган нормаларнинг аҳамиятини аҳолига, қолаверса, эртамиз эгалари бўлган ёш авлодга етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардандир.


Шу боисдан бугун “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Тошкент амалий фанлар университетида “Конституция – мустақил давлатчилигимиз асоси” мавзусида тадбир ташкил этилди.


Университетнинг Педагогика факультети мажлислар залида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, олийгоҳнинг профессор-ўқитувчилари, партиянинг “Аёллар қаноти” ҳамда “Ёшлар парламенти” аъзолари талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.


Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихи, ундаги нормаларнинг ишлаб чиқилиши, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнлари, қолаверса, мазкур муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг мамлакат ривожи ҳамда халқ фаровонлигини таъминлашдаги аҳамияти хусусида сўз борди.
Таъкидланганидек, ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, энг муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституцияда ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат тузилиши ўз ифодасини топган. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини қайд этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.


Тадбир якунида олийгоҳнинг талаба-ёшлари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга партия фаолларидан батафсил жавоблар олишди.
Мухтасар айтганда, қизғин баҳс-мунозаралар, таклиф ва ташаббусларга бой бўлган мазкур жараён талаба-ёшларнинг ҳуқуқий-сиёсий билимларини юксалтиришга, янги таҳрирдаги Конституциямиз борасида батафсил маълумотларга эга бўлишларига хизмат қилди.

“Адолат” СДП
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+