Контейнерда яшаётганларга уй берилишини партия ўз назоратига олди

19.08.2021 12:08:19

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани “Хушнуд” маҳалласи Сой бўйи кўчасида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғини ёнгинасида бир неча йиллардан буён яшаб келаётган 1959 йилда туғилган Леонтева Ольга Николаевна ногирон турмуш ўртоғи билан қишнинг совуқ, ёзнинг эса жазирама кунларида ачинарли, абгор аҳволда темир контейнерда яшаб келаётганлиги юзасидан мақола эълон қилинди.

Маълум бўлишича,  собиқ “Тошкент” маҳалласи раиси Нодир Исроилов туман Кадастр агентлиги масъул ходимлари билан биргаликда Президентнинг бир марталик умумдавлат акцияси доирасида, гарчанд акция низом талабига тўғри келмаслигига қарамасдан “уддабуронлик” қилиб, Леонтева Ольга Николаевна ва унинг ногирон турмуш ўртоғи истиқомат қилиб келаётган ер майдонларини ўзлаштириб сотишга эришган. Шунингдек, бугунги кунга келиб икки ногирон қарияларнинг ер участкасини сотиб олган тадбиркорлар томонидан ҳайдаб чиқарилаётганлиги таъкидланган.

“Минг афсуски кенг шароитга эга шаҳарнинг чеккасида бир кулбаи вайронада, айрим амалдорлар била туриб, назоратдан четда қолдирилган бир нуроний чол-кампир қийин аҳволда жазирама иссиқда, қаҳратон совуқларда контейнерда яшашини тасаввуримга хам сиғдира олмай, уларнинг бир неча маротаба юборган мурожаатлари катта бир порлоқ Ўзбекистонда ҳал этилмаётганидан хафа бўлиб, баён қилишга ахд қилдим”, - дейилади ижтимоий тармоқдаги хабарда.

Ушбу хабар қай даражада ҳақиқатга яқинлиги бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда Янги ҳаёт туман ҳокимлиги мутасаддилари билан бирга жойига чиқиб масалани ўрганди. Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, Янгиҳаёт туман “Хушнуд” маҳалласи Сой бўйи кўчасида 2015 йилдан бери яшаб келаётган ушбу фуқаролар чиндан ҳам темир контейнерда туришади. Бугунги цивилизациялашган пойтахт муҳитида мутлақо шарт-шароитга эга бўлмаган ҳолда Олга Леонтева ҳамда унинг ногирон турмуш ўртоғи Заикий Раҳимов яшаб келмоқда. Аммо собиқ маҳалла раиси Нодир Исмоилов ҳамда туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Гулнора Тўлаганованинг таъкидлашича, уй эгаларининг ўзлари томонидан сотиб юборилган. Улар спиртли ичимликка муккасидан кетганидан бор-будини, хатто яшаб турган уйини ҳам сотиб юборган. Олга Леонтева Байналмилал кўчасидаги 47 уйда қизи Таня Леонтеванинг уйида доимий рўйҳатда туради. Заикий Раҳимов эса Ривожланиш кўчаси 50 уйга доимий рўйҳатга олинган.

Бугунги кунда бири ногиронлиги бўйича ва яна бири ёшга доир  900 минг сўмга яқин давлатдан пенсия олади. Бундан ташқари маҳалла томонидан доимий озиқ-овқат, моддий ёрдамлар бериб турилиши маълум қилинди. Шунга қарамай мутасаддилар уларга собиқ иттифоқ даврида қурилган маҳаллада бўш турган эски, қаровсиз уйлардан бирини капитал таъмирлаб беришга ваъда беришди. Ҳозирда депутат Гулруҳ Агзамова ҳамда “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши ушбу муаммо ечимини ўз назоратига олган. 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+