Кооператив ярмаркадан   850 нафар фуқаро иш жойига йўл олди

07.05.2021 13:05:46

Фуқароларни камбағалликдан чиқариш, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг бандлигини таъминлаш куннинг долзарб вазифаларидан. Андижонда ташкил этилган янги иш ўринлари кооператив ярмаркаси  айни шу мақсадга қаратилди. Тадбирга бугунги кунда ишсиз юрган, кам таъминланган оилалардаги аёллар ва ёшлар таклиф этилди. Улар орасида 24 нафар Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам бор.

Аҳоли бандлигина таъминлаш доим эътибордаги масала. Бироқ  бугун бир нарсани унутмаслигингиз керак. Кейинги вақтда орамизда боқимандаликка ўрганганлар оз бўлсада учраб турибди. Шу сабаб энди бундай инсонларга балиқ ўрнига қармоқ берилади. Аниқроқ қилиб айтганда улар ҳаракатга келтирилади.

Амалдаги йилда вилоятда 114 минг 302 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Тадбир якунида таклиф этилган 850 нафар иштирокчи тўғри иш жойига йўл олади. Улардан фақат ташаббус керак. Тадбиркорлик  тўхтовсиз ҳаракатни талаб қилади. 

Субсидия-зарур ҳолларда бериладиган пул маблағи. Тадбирнинг асосини ҳам айни шу йўл билан  иштирокчиларнинг бандлигини таъминлаш ташкил этди. Бунинг учун янги ташкил этилган 17 та кооперативларга 2 миллиард 82 миллион сўм пул ажратилди. Савол туғилади: бу маблағ қандай тартибда ишлатилади?

Кооперативлар 3 та йўналишга ихтисослашган. Ўз қизиқишига қараб кимдир паррандачилик, кимдир қуёнчилик ва яна кимдир тикувчилик йўналишини танлайди. Ҳар бир туманда бу йўналишлар бўйича тадбиркорлар иш олиб бормоқда. Юқоридаги маблағ ҳисобига ёшлар парранда ёки қуён билан таъминланади, тикувчиликка қизиққанлар ишга қабул қилинади.

Яхши томони парранда ва қуёнлар олувчининг хонадонига кооператив томонидан  клетка ва бир ойлик озуқа билан етказиб берилади. Кейинчалик тайёр махсулотни сотиш,  озуқа билан таъминлаш ва ветеринария хизмати ҳам уларнинг зиммасида.

-Корхонамиз оёқ кийимлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган,-дейди Балиқчи туманидаги “Юксак обод сари 555” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тохиржон Толипов.- Ҳозирда 15 нафар ёшлар билан иш олиб боряпмиз. Бериладиган субсидия ҳисобига яна 50 нафар мигрант ва “Темир дафтар”га киритилганларни ишга оламиз. Натижада ишлаб чиқариш сурати ҳам ўсади.  

Партиядошимиз Нодирбек Мухторов раҳбарлигидаги “JIL VOY WANG”  ишлаб чиқариш кооперативи Пахтаобод туманидаги Нурдиёр МФЙда амалдаги йил бошида ташкил этилди. Хитой технологиялари асосида ишлаётган корхонада ҳозирда 50 нафар маҳалла фуқаролари иш билан банд. 122 миллион 500 минг сўм субсидия ҳисобига уларнинг сони уч баробарга ортади.

Кооператив ярмарка якунида кўзланган мақсадга эришилди. Таклиф этилганлар  тўла ишга қабул қилинди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+