Коррупция - жамият маънавиятига таҳдид солувчи куч

17.06.2021 18:06:37

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши, вилоят ИИБ ҳамда Термиз шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Термиз ҳудудий бўлинмасида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тадбир ташкил этилди. 

Тадбирда партия вилоят Кенгаши ходимлари, вилоят ИИБ вакиллари ва Термиз шаҳар прокуратураси ходимлари, марказ ўқитувчи-профессорлари ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов очди ва олиб борди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказувчи, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштирувчи, давлатни ич-ичидан емириб борувчи иллат эканлиги тушунтириб ўтилди. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солиши таъкидланди. Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши, бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозимлиги айтиб ўтилди. Коррупциянинг олдини олиш, унга барҳам беришда фақат давлат ва ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмаслиги, шунинг учун мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар оёққа турмоғи, курашмоғи зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири эканлиги хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, бу иллатга қарши курашишга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинганлиги хусусида ҳам таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари каби бир қатор меъёрий ҳужжатларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилганлиги хусусида айтиб ўтилди.

Элмўмин Ортиқов, Термиз шаҳар прокурори катта ёрдамчиси:

-Коррупция – вайронкор куч, унинг оқибатида миллий иқтисодиёт издан чиқади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, жамият маънавияти бузилади. Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби бу иллатни йўқотмас эканмиз, халқимизнинг рози-ризолигига, юртимиз равнақи, иқтисодиётимиз ўсиши ва энг муҳими жамиятимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда ватандошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади. 

Шунингдек, тадбирда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг ўсиши коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилди. Кўп ҳолларда ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётганлиги таъкидланди.                         

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишлича жавоб олишди.

 

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+