Коррупция-жамият маънавиятига таҳдид солувчи куч

16.05.2022 12:05:49

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жарқўрғон туман Кенгаши ва туман ёш адолатчилар қаноти Кенгаши, туман ИИБ ҳамкорликда туман Халқ таълими бўлимининг фаоллар залида  “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида тадбир ташкил этилди. 

Тадбирда партия туман Кенгаши ва туман ёш адолатчилар қаноти Кенгаши ходимлари, туман ИИБ вакиллари, депутатлар, туман халқ таълими бўлими ходимлари ва БПТ аъзолари иштирок этишди.

Тадбирни вилоят Кенгаши раиси Очил Жиянов очди ва олиб борди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий –иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказувчи, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштирувчи, давлатни ич-ичидан емириб борувчи иллат эканлиги тушунтириб ўтилди. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитининг қарор топиши, барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солиши таъкидланди. Коррупцияга қарши ҳар ким ҳар доим курашиши бу иллатнинг жамиятга, тараққиётга ва хавфсизликка катта таҳдид эканини ҳар бир онгли инсон чуқур англаши лозимлиги айтиб ўтилди. Коррупциянинг олдини олиш, унга барҳам беришда фақат давлат ва Ҳукуматнинг кучи билангина эришиб бўлмаслиги, шунинг учун мазкур ижтимоий иллатга қарши бутун жамият, барча фуқаролар оёққа турмоғи, курашмоғи зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири эканлиги хусусида сўз юритилди.

сурхон13

Шунингдек, бу иллатга қарши курашишга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш мақсадида бир қатор Қонун ва қонуности ҳужжатларни қабул қилинганлиги хусусида ҳам таъкидланди. Хусусан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари каби бир қатор меъёрий ҳужжатларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилганлиги хусусида айтиб ўтилди.

Қизларшой Раҳматова, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати:

- Коррупция –вайронкор куч. Унинг оқибатида миллий иқтисодиёт издан чиқади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, жамият маънавияти бузилади. Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи-юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби, бу иллатни йўқотмас эканмиз Халқимизнинг рози-ризолигига, юртимиз равнақи, иқтисодиётимиз ўсиши ва энг муҳими жамиятимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди. Айни пайтда мамлкатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда ватандошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади.

Шунингдек, тадбирда аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг ўсиши коррупцияга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратилди. Кўп ҳолларда ҳуқуқий саводхонликнинг етишмаслиги коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётганлиги таъкидланди.                          

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишлича жавоб  олишди.

Баҳром Шомурзаев,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Жарқўрғон туман “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+