Коррупция жамиятни исканжага оладиган даҳшатли иллатдир

29.10.2020 16:10:27

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш  давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жамият тараққиёти кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашиш йўлида аёвсиз кураш олиб борилаётгани ўзининг самарасини  ҳам  бермоқда. Бугунги кунда  коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган  чора-тадбирларни жадаллик билан  амалга ошириш учун қуйидаги  жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:

  • Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириб бориш;
  • Коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар учун аҳоли ичида сайёр суд мажлисларини кўпайтириш;
  • Аҳоли ўртасида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий тарғиботга доир чора-тадбирларнинг сифатини янада ошириш;
  • Фуқароларнинг сиёсий партияларга бўлган ишончини янада ошириш;
  • Юрист кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш;
  • Давлат ташкилотида фаолият олиб бораёган ходимларнинг иш ҳақларини ошириш;
  • Мансабларнинг сотилишининг олдини олиш, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг ҳаққоний бўлишига эришиш.

Коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш  тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчидир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ва шаҳар Кенгаши ҳамда Республика маънавият ва маърифат  маркази Қарши  шаҳар  бўлими томонидан   Қашқадарё вилоят Миллий банки биносида “Коррупцияга қарши кураш, жамиятда ушбу иллатга нисбатан маданиятини шакллантириш – асосий вазифамиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ва шаҳар  Кенгашлари ходимлари, Республика маънавият ва маърифат  маркази Қарши  шаҳар  бўлими ходимлари,  партия фаоллари, депутатлар иштирок этдилар.

-Биз давлат бошқаруви органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, коррупцияга қарши кескин кураш олиб борамиз,-деди партиянинг вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева.- Адолатли, ҳуқуқий давлатни барпо этамиз. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қиламиз.

Шунингдек, тадбирда  Республика маънавият ва маърифат маркази Қарши  шаҳар бўлинмаси раҳбари  Ш. Ҳайдарова  сўзга чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фаолияти жамиятда қонун устуворлигига эришиш, кучли демократик, ижтимоий йўналтирилган давлат, адолатли ва маънан жипслашган жамият қуриш, бошқарувда очиқлик, ошкоралик тамойилларини таъминлаш ишига қаратилганлигини қайд этди. Давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши муросасиз иш олиб бориш алоҳида таъкидлади.

Хулоса қилиб айтганда, бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари  фаолиятини кучайтириш  лозим  бўлади.

 

  

С.Каримова,

Қарши туман 69 – умумий ўрта

 таълим мактаби ўқитувчиси, партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+