Коррупцияга туртки берадиган шароитларни йўқ қилиш шарт

04.08.2021 19:08:20

Барчамизга маълумки, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда коррупцияга қарши сиёсат соҳасида қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Энг аввало, жамият ва давлат ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий асос шакллантирилди. 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши муҳим қадам бўлди. Қонунда коррупция ва манфаатлар тўқнашуви, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик каби тушунчаларга ойдинлик киритилди. Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, ушбу соҳадаги давлат сиёсати йўналишлари, уларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Ҳеч кимга сир эмаски, коррупция пайдо бўлишининг сабаблари ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шарт-шароитлар билан изоҳланади. Шу сабабли ушбу ёвузликка қарши курашишда бундай сабабларни ўз вақтида аниқлаш ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупция намоён бўлишига туртки берадиган шароитларни йўқ қилиш бўйича комплекс ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий, шу жумладан ғоявий-тарбиявий чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимдир.

Ривожланган давлатларда коррупцияга қарши кураши мисолида сўз юритадиган бўлсак, Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турган. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб, суд тизимининг мустақиллиги оширилди. Шу билан бирга, коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишдан бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди.

Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб, бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатидан илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.

Бу муаммонинг инсон ҳуқуқи ва жамият ривожига салбий таъсирининг олдини олиш халқаро ҳамжамиятнинг ажралмас қисми бўлган мамлакатимиз олдида турган долзарб вазифадир. Шу боис, сўнгги йилларда республикамизда бу йўналишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу иллатнинг урчишига яна бир сабаб фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими саёзлиги, ҳақ ҳуқуқларини яхши билмаслиги боис пора беришга рози бўлишидир. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ёшлигидан шакллантириб бориш ушбу иллатга қарши курашда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳодисага қарши туришнинг асосий омиллари қаторида мен ҳаракатлар кетма-кетлигини, муросасизликни, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги даражасини оширишни қайд этаман. Айниқса, ёшлар орасида иш олиб бориш ва уларни коррупцияга қарши кечаётган ислоҳотларга жалб қилишга кўмаклашиш жуда муҳимдир. Ҳар бир фуқаро бу жиноятдан кейин муқаррар жазо борлигини тушуниши керак. 

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фақаро ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ.

 Илҳом ҲОЖИБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+