Коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак

24.08.2021 14:08:42

 

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Оҳангарон туман  Кенгаши томонидан  туман “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув спорт техника клуби  билан ҳамкорликда “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзусида  давра суҳбати ташкил қилинди.

Таъкидланганидек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала бўлиб, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи мақсадга мувофиқдир. Шундан келиб чиқиб, қаердадир таъмагирлик, порахўрлик ҳолатларига дуч келсак, ҳар биримиз бу нохуш ҳодисага нисбатан бефарқ бўлмаслигимиз, лоқайдлик қилмаслигимиз, аксинча, коррупция иллатини таг томири билан қуритишга қаратилган саъй-ҳаракатларни виждонан бажаришга киришмоғимиз бурч ва масъулиятимизга айланмоғи даркор.

Бошқача ифодалаганда, адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлишни ўзимиздан бошлашимиз зарур. Зеро, бу борада ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи қонуний асосда қатъий кафолатланган. Яъни, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахслар ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Фарида Сайдалиева, партиянинг Оҳангарон туман Кенгаши раиси:

–Ҳозирда коррупцияга қарши курашиш мақсадларига фақат ташкилий-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, жамият кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашда нафақат давлат ташкилотлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдир. Президент таъкидлаганидек, “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”. Шундай экан, давлат ва жамоат ташкилотлари бу балони олдини олиши ва унга қарши курашда ҳамжиҳат бўлиши самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.

 “Адолат” СДП аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим деб,  ҳисоблайди. Дарҳақиқат,  халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида барчамиз бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини нафақат қўллаб-қувватлашимиз, балки унда фаол иштирок этишимизни бугунги даврнинг ўзи тақозо этаётганини унутмаслигимиз шарт ва зарур.

Фотима САТТОРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+