Куч ишлатиш тартиб интизомга қанчалик тўғри?

25.04.2021 09:04:51

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида, аввало, инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари турибди. Бу борада халқимиз ички ишлар органларига халқ манфаатларига хизмат қилувчи ижтимоий тузилма сифатида қарайди. Аммо, яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманида йўл-патруль хизмати ходимининг фуқаро билан бўлган низоли ҳолати фуқаролар ўртасида муҳокамаларга сабабчи бўлмоқда.

Тавфсилотларга қисқача тўқталадиган бўлсак, жорий йилнинг 18 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани ҳудудида, деҳқон бозори атрофида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимининг ёнига маст ҳолдаги фуқаро келиб, ходимга нисбатан турли ҳаракатлар билан хизмат фаолиятига халақит берган. Ходим фуқарога маст ҳолда эканлигини, яшаш уйига бориши зарурлигини таъкидлашига қарамасдан, турли сўзлар билан ходимга халақит беришда давом этган. Шундан сўнг, ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида низоли ҳолат юзага келган. ЙПХ ходими фуқарони тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилган ва тиббий кўрик хулосасига кўра, мастлик ҳолати тасдиқланган. ЙПХ ходими туман ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, бўлиб ўтган ҳолатни батафсил баён қилган ва тегишли тартибда кўриб чиқилишини сўраган. Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганлиги маълум қилинган.

Бу воқеа бўйича ҳар ким ўзича ҳақ бўлиши мумкин албатта. Аммо, тартиб-интизом масаласига келганида ким ҳақ деган табиий савол тўғилиши шубҳасиз. Шу ўринда эътибор қаратиб ўтиш жоиз “Ички ишлар органлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига кўра, ички ишлар органи ходими фуқароларга нисбатан қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиши, қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатлар қилиш тақиқланган. Яна бир эътиборли томони агар фуқаро ходимнинг қонуний талабларига бўйсинмаган тақдирда эса юқоридаги қонуннинг айрим моддаларига кўра жисмоний куч ишлатишга ҳам рухсат берилади.

Қанақа вазият бўлганида ҳам давлат хизматчиси ўзини тута билиши, вазиятга қараб иш тутиши, асосийси муомала маданиятида, тартиб-интизом масаласида аҳолига ўрнак бўлиши лозим. Юқоридаги каби вазиятлардан келиб чиққан ҳолда йўл-патруль хизмати ходимларининг фуқаролар билан муомала маданиятини оширишлари учун янада амалий ишларни йўлга қўйиш зарурлиги маълум бўлмоқда.

Афсуски, кейинги пайтларда асосан ижтимоий тармоқларда воқеа моҳиятига етмасдан видео тарқатиш ва билиб-билмай айбловлар ёғдириш авж олган. Нима бўлганда ҳам келгусида ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишда ва тартиб-интизомни мустаҳкамлашда фуқароларнинг эса қонуний талабларга бўйсиниши учун адолатли ечим топиш муҳим масала деб биламан.

Тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, осойишталик калити ҳисобланар экан бу масала албатта қатъий назоратга олинади деган умиддамиз.

 

Ажинияз ПАХРАТДИНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+