Мактаб ўқувчиларининг иммунитети мустаҳкам бўлиши учун...

21.10.2021 12:10:40

Куз келиши билан аҳоли ўртасида грипп, тумов касалликларига чалиниш эҳтимоли ортади.  Ҳавонинг кескин совиб кетиши саломатлигимизда турли ўзгаришларни юзага келтиради.  Бу ўринда ҳар жиҳатдан эҳтиёткор бўлиш,  мавсумга мос либос кийиш муҳим. Шунингдек, иммунитетни мустаҳкамловчи турли озиқ-овқат маҳсулотлариини танаввул қилиш талаб этилади.

Иммунитет –  бу ташқи муҳит таъсиридан ва организмга тушувчи бегона биологик моддалардан  инсон организмини ҳимоя қилишга қодир қалқондир. Унинг заифлашувига ташқи муҳит таъсири, сурункали стресс, уйқусизлик, номеъёрий ҳолатларлар билан бирга,  нотўғри овқатланиш  ҳам таъсирини ўтказади. Томирдаги қон таркибида антитаначалар (иммуноглобулин) бўлиб, улар организмнинг ҳимоя воситаси саналади. Оқсилдан таркиб топган мазкур антитаначалар меъёрда ишлаб чиқарилиши учун таомномада гўшт, тухум, балиқ, сут-қатиқ, ёнғоқ каби маҳсулотлар етарлича бўлиши керак. Маҳсулотларни меъёрида истеъмол қилмаслик, иммунитетнинг заифлашувига олиб келиши  ҳамда касалликка тез чалинишага  сабаб бўлади.  Айниқса, мактаб ўқувчилари бўлган болаларда бу яққол сезилади.  Чунки, бир синф хонасида  25 нафар ёки ундан кўп болалар бўлиши бирида кузатилган шамоллаш аломатларининг осонгина бошқасига юқишига сабаб бўлади.

Мактаб ўқувчилари  шеригидаги шамоллаш аломатларини сезса-да, эҳтиёт чораларини кўрмайдилар, балки болаларча муносабатда бўладилар.  Танаффусда югуриб ўйнайдилар, баъзан ҳаво совуқ бўлишига қарамай, уст кийимларини ечиб олади.  Албатта бу ҳаракат ва эҳтиётсизик шамоллашга мойил қилиб қўяди, томоқ оғриғи, бурун оқиши, ҳолсизлик юзага келади ва ҳарорат кўтарилади. Касаллик омиллари билан қарши курашишда иммунитетни кўтариш учун тўғри овқатланишни ташкил қилишдаги биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Бола кунига камида 4 марта овқатланиш керак. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам бўлиши ва  сабзавот ва мевалар истеъмолига эътибор қаратилиши зарур.

Аммо аксарият мактаб ўқувчилари ярим тайёр “fast food” таомларини ҳуш кўрадилар ва доимий озуқа манбаига айлантириб оладилар. Натижада организм учун зарур бўлган витамин ва минераллар танқис бўлиб қолади.   Шу ўринда болалар бир вақтнинг ўзида икки вазифани бажаришини унутмаслик керак.  Улар ҳам таълим олади, ҳам улғаяди.   Заиф иммунитет ҳамда витаминларнинг етишмаслиги билан эса улар етарлича ижобий кўрсаткичларга эриша олмайди. Балки хотира сусайиши, тез чарчаб қолиш, ҳомушлик, анемия  билан қийналади.  Энг аввало,  катталар йодланган тузни доимий истеъмол қилиш, сув ичиш режимига амал қилиш ва овқатланиш рациони витанимларга бой бўлишини таъминлашлари мақсадга мувофиқ.

А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи С витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган Е витаминига бой ёнғоқлар, албатта, болалар рационида бўлиши кони фойда.  Мунтазам сут маҳсулотларини ичиши, эрта ётиб, эрта туриши, бадантарбия  билан мунтазам шуғулланишларини назорат қилиб бориш талаб этилади.

Мактаб ўқувчиларининг иммунитети юқорилигига нафақат тўғри овқатланиш, вақтида ухлаш, кун тартибини тўғри ташкил этилиши, балки оилавий осойишталик, яқинларининг дўстона муносабатлари ҳам кучли таъсир кўрсатади.   Оиланинг аҳиллик иммунитети болалар иммунитетининг озуқавий манбааси ҳисобланади.

Азамат АБДУРАҲМОНОВ,

Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассиси,

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+