Мактабда қачон ўзгариш бўлади?

15.03.2021 14:03:17

Мустақил мамлакатимизда таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борада зарур ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар ва тегишли қонунлар қабул қилинган. Хусусан, “Таълим  тўғрисида”ги қонунга асосан кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириляпти. Жондан азиз фарзандларимиз камол топаётган таълим муассасаларида ўқиш ва ўқитиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бироқ, айрим ҳудудлардаги таълим-тарбия ўчоқларидаги бугунги аҳвол мутлақо талабга жавоб бермайди.

Биз партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Халқ таълими ходимлари ва тегишли идоралар  мутасаддилари билан  вилоятдаги  30 дан ортиқ мактаблардаги бугунги ҳолатни  ўрганганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик. Жумладан,  Ғузор туман 37 – умумтаълим  мактаби  1971 йилда ташкил топган бўлиб,  320 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда 562 нафар ўқувчи таълим-тарбия  олмоқда.  Бироқ, мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайли  ҳанузгача  жорий таъмирланмаган.  Синф хоналарининг   бетон ётқизилгани туфайли ҳам қишда совуқ.  Иситиш тизими  ҳам бугунги талабга жавоб бермайди. Спорт зали ҳам   таъмирталаб.  Мактаб атрофи девор билан ўралмаган. Ҳожатхона  нураб қолган.  Энг ачинарлиси, умумтаълим мактабида  фаоллар зали, ўқитувчилар хонаси йўқ.   

Партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатларимиз ҳамда тегишли мутасадди идоралар вакиллари ҳамкорлигида ўрганишлар жараёнида Деҳқонобод туманидаги 7-, Нишон туманидаги  12-, Қарши туманидаги 48-, Миришкор туманидаги 5- ва  Касби туманидаги 11-  умумтаълим мактабларида ҳам аҳвол ачинарли эканлиги аниқланди.  

Келажагимиз ворислари камол топаётган илм масканларидаги бу каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан  депутатлармиз  тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборишди.

                                                                    Нодир Исомов,

                                              Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят

Кенгаши мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+