Мактабдаги аҳвол ўзгармаса...

11.03.2021 22:03:08

Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати томонидан жорий йилнинг 23 февраль санасида ўтказилган видеоселектор йиғилиши баённомасига асосан жойлардаги ҳолати талаб даражасига мос бўлмаган мактабларни ўрганиш юзасидан партия Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда партиянинг туман Кенгашлари ходимлари томонидан тузилган ишчи гуруҳи вилоятдаги аҳволи оғир мактабларнинг айни кундаги ҳолатини ўрганиш бўйича ишлар олиб борди. Ўрганишларга асосан ҳудудлардаги баъзи мактабларнинг аҳволи оғир эканлиги, бугунги кун талабига жавоб бера олмаслиги аниқланди.  

Хусусан, партиянинг Сариосиё туман Кенгаши томонидан тумандаги 82-сон ўрта умумтаълим мактаби ўрганилганда бир қатор муаммолар кўзга ташланди. Мактаб биноси 2014 йилда қурилган бўлиб, 240 ўринга мўлжалланган бўлса-да, айни кунда мактабда 500  нафар бола ўқийди. Мактабда  маъмурий хона ва кутубхона йўқ, ҳудуди девор билан ўралмаган, тоза ичимлик суви мавжуд эмас. Мактаб интернет тизимига уланмаган, замонавий компьютер тўпламлари йўқ. Мактабда куз-қиш мавсумларига тайёргарлик ишлари ҳам яхши бўлмаганлиги, қозонхона йўқлиги ҳам аниқланди.Умумтаълим мактабида ўқитувчилар ёрдамида ҳашар уюштириб, синфхоналар дарс ўтиш учун тайёр ҳолатига келтириляпти.

Партия ишчи гуруҳи томонидан вилоятнинг энг чекка ҳудуди Узун туманидаги 43-сон ва 25-сонли умумтаълим мактаблари ўрганилганда мазкур мактабларнинг ўта таъмирталаблигига гувоҳ бўлинди. Ушбу умумтаълим мактаби бинолари 1970-1980 йилларда қурилган бўлиб, мактабларда ўқувчилар шуғулланиши учун спорт заллари мавжуд эмас. Тумандаги 43-сонли умумтаълим мактаби 150 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ҳозирги кунда 327 нафар бола ўқиётган бўлса, 25-сонли умумтаълим мактаби 538 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда мактабда 620 нафар бола таълим олмоқда. Мактабларнинг бинолари ўта  таъмирталаб, замон талабига жавоб бермайди,  мактаб ҳудуди девор билан ўралмаган. Бу мактабларда ҳам тоза ичимлик суви йўқ, интернет тизимига уланмаган. Лаборатория хоналари, фаоллар зали, ошхона хусусида айтмасак ҳам бўлади.

Ташқаридан қараганда мазкур мактаблар бинойидай кўринади. Таълим тизимига, мактабларга жиддий эътибор қаратилаётган бир пайтда, наҳотки  ушбу ўқув даргоҳлари шу даражада аянчли ҳолга келиб қолган муассаса бўлса?! Аҳвол ижобий эмаслиги бу ерда таълим олаётган болалар, ўқитувчилар кайфиятига нечоғли таъсир кўрсатаётган экан? Мактаб мукаммал таъмирга  муҳтож бўла туриб мутасаддилар бирор чора кўрмаганмилар? Мактабни мукаммал таъмирлаш учун давлат дастурига киритишнинг шу пайтгача нега уддасидан чиқилмаганлигига ажабланади киши!?

Туманларда ўрганишлар давом этмоқда.

Фахриддин Орифхонов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+