Мактабларга эътибор  шуми?

12.03.2021 11:03:01

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида таълимни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мактабларда дарслар самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг ҳар томонлама чуқур билим олишлари, ўз истеъдодларини  рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим вазифа сифатида белгиланган. Шу жиҳатдан қараганда Намангандаги таълим масканлари ҳозирги кун талабларига жавоб берадими? Яқинда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ташкилоти фаоллари шу масалада ўрганишлар ўтказдилар.

- Ҳар бир бола жаҳон андозалари асосида илм олишга ҳақли, - дейди Уйчи туман партия кенгаши раиси Олимжон Мирзабоев. - Касбим педагог бўлгани учун буни жуда яхши тушунаман. Мактаб ҳар бир ўқувчи учун уйидай қадрдон ва шинам бўлиши керак. Шунда у ҳар бир ўғил-қизни оҳанрабодай ўзига тортиб туради. Бу, албатта, ёшларда  билим олиш иштиёқини  кучайтиради, фанларга қизиқишни оширади. Аммо ўрганишлар ҳали ҳамма жойда бунга эришилмаганини кўрсатмоқда.

Масалан, Уйчи туманидаги 35-умумтаълим мактабини олайлик. У 1984 йилда қурилган, икки қаватли, 1270 ўринга мўлжалланган. Бироқ биноларнинг бугунги ҳолати талабга жавоб бермайди. Унинг ертўла қисмига умуман кириб бўлмайди. Эшик ва деразалар яроқсиз ҳолатга келган. Айниқса, 3-ўқув биносидаги ҳолат ачинарли. Деворлар қачондир юз берган зилзила оқибатида ёрилган.

Фақат бугина эмас, мактабда синф хоналари етишмайди. Боз устига улардаги жиҳозлар ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан эскирган. Ҳожатхона яроқсиз ҳолатда. Тўғри, ҳозир янгиси ҳашар усулида қурилмоқда. Лекин у талаб даражасида бўладими ёки йўқми, номаълум.

Чуст туманидаги 10-умумтаълим мактабида ҳам болалар ноқулай шароитларда ўқимоқдалар. Унинг 1976 йилда қурилган бинолари аллақачон таъмирталаб бўлиб қолган. Бошланғич синфлар ўқийдиган бино деворлари ёрилган. Ёритиш жиҳозлари ва электр симлари эскирганидан қоронғи пайтда синфларда  машғулот ўтиб бўлмайди. Спорт залининг поли чўкиб кетган, деворлари  ёрилган, шуғулланиш учун умуман, шароит йўқ.

Поп туманидаги 17-мактабнинг аҳволи ҳам мақтанарли эмас. У 1965 йилда қурилган, 320 ўринли. Ҳозир бу ерда 620 бола ўқийди. Бино 2006 йилда мукаммал таъмирдан чиқарилган, бироқ ҳозиргача яна эскириб улгурган. Жиҳозларни янгилаш, қўшимча бино қуриш талаб этилади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳали умумтаълим мактабларининг  моддий-техник негизини мустаҳкамлаш учун кўп иш қилиш керак. Мутасаддилар қачон вазиятни ўнглаш чораларини кўрадилар? Бу саволга ҳозир аниқ жавоб бериш қийин.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган  вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+