Мактабларнинг куз-қиш мавсумидаги иситилиш ҳолати ўрганилди

29.11.2022 15:11:58

Куз-қиш мавсуми келгани ва ўқув йилининг 2-чораги бошланиши муносабати билан Сардоба тумани ХТБга қарашли умумий ўрта таълим мактабларнинг ёмғирли ва совуқ кунларга тайёргарлик ҳолати ўрганилди.


Ўрганиш давомида Сардоба тумани ХТБга қарашли 6-, 9-,11-, 21-умумтаълим мактабларида бир қанча муаммолар борлиги аниқланди.

Хусусан, Сардоба туманидаги 6-умумтаълим мактабнинг ҳолати «Адолат» СДП Сирдарё вилояти Кенгаш раиси ўринбосари С.Усмонов, «Адолат» СДП Сардоба тумани Кенгаш раиси Б.Бекмуродов ва мактаб маъмурияти билан биргаликда ўрганиб чиқилганда, мавжуд 5 та қозонхоналар эскилиги сабабли, унга замонавий иситиш тизимларини ўрнатиш ва мактаб биносининг том қисмларини алмаштириш, таъмирлаш лозимлиги аниқланди. Мактаб газ билан таъминланган. Кириш-чиқиш эшикларининг зич ёпилиши тўлиқ таъминланган, барча кириш қисмларга замонавий акфа эшиклари ўрнатилган.

Сардоба туманидаги 11-умумтаълим мактабида ҳам 3 та қозонхона эскилиги сабабли, замонавий иситиш тизимларини ўрнатиш, дераза ойналарини алмаштириш, мактаб биносининг том қисмларини алмаштириш, таъмирлаш кераклиги кўриб чиқилди. Юқори қаватдаги хона томларидан сув ўтиш ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек, Сардоба тумани 21-умумтаълим мактабида бинонинг айрим қисмларини таъмирлаш учун цемент ва тош кераклиги маълум бўлди. Ўрганилган мактабларнинг газ учун ҳисоблагичлари тўлиқ ўрнатилган ва қиёсловдан ўтказилган. Дудбуронлар ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилган.

Мониторинг натижалари ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий ҳокимлик ва тегишли раҳбарлар иштирокидаги йиғилишида муҳокама қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Ўрганиш натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича депутатлар томонидан мутасаддиларга тушунча ва тавсиялар берилди.

«Адолат» СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+