Малакали аёл кадрлар сонининг ортиб бораётгани ҳаётнинг барча жабҳаларида фаолликни оширишга хизмат қилмоқда

21.05.2024 11:05:01

(«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг «Янги Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат сифатида ривожланишининг ижтимоий, фалсафий, иқтисодий ва сиёсий масалалари» халқаро илмий-амалий конференциясидаги нутқи)

Ассалому алайкум ҳурматли конференция иштирокчилари!

Муҳтарам меҳмонлар!

Бугун менга берилган имкониятдан фойдаланиб «Янги Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат сифатида ривожланишининг ижтимоий, фалсафий, иқтисодий ва сиёсий масалалари» халқаро илмий-амалий конференцияга хуш келибсиз дейман! Конференциямизнинг мазмунли ўтишига қўшаётган беназир ҳиссангиз, ажратган қимматли вақтингиз учун барчангиздан миннатдорлик билдираман.

Барчангизга яхши маълумки, «Инсон қадри учун» тамойили Янги Ўзбекистоннинг энг асосий принципларидан биридир. Мазкур тамойил асосида мамлакатимизда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослар йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиёт стратегияларининг мазмун-моҳияти халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорликни жадаллаштиришга қаратилган бўлиб, пировард мақсадимиз, барча жабҳаларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

Кейинги етти йилда ушбу олий мақсад йўлида Қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, баҳолаш институти жорий этилди. Коррупцияга қарши курашиш ва гендер-ҳуқуқий экспертиза туфайли ҳуқуқий экспертиза турлари кенгайтирилди. Сўнгги бир неча йил ичида «тартибга солувчи гильотина» усули билан ўз аҳамиятини йўқотган 4000 дан ортиқ ҳужжатлар бекор қилинди. Натижада амалдаги қонунчилик 10 фоизга қисқартирилди.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт нисбатан тез суръатлар билан ривожланмоқда. 2020 йил октябрь ойида ҳукумат рақамли инфратузилмани, электрон ҳукуматни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, миллий IТ секторини яратиш ва IТ таълимни кучайтириш мақсадида «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини қабул қилди. Рақамлаштириш ва инновациялар барқарор ривожланишнинг барча миллий мақсад ва вазифаларига хосдир.

Қолаверса, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳукуматимиз диққат марказида турган муҳим масалалардан биридир. Ўзбекистонда аёлларни ҳар қандай дискриминациялардан ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя қилишни тартибга солувчи барча асосий халқаро шартномалар ратификация қилинган.

Гендер тенглигини таъминлаш мақсадида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қабул қилинди. Малакали аёл кадрлар сонининг ортиб бораётгани ҳаётнинг барча жабҳаларида фаолликни оширишга хизмат қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ва бошқа раҳбарлик лавозимларида хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги ва салмоғи ортиб бормоқда. Ахборот технологиялари соҳасида гендер тенглиги барқарор ўсиб бормоқда: мобил телефон ва интернет фойдаланувчилари бўлган аёллар улуши кўпаймоқда. Яқиндагина пойтахтимизнинг Миллий медиа бирлашмаси томонидан ўтказилган «Миллий медиа маҳсулот яратишда аёллар сиймоси» мавзусидаги халқаро конференция ҳам фикримизнинг яққол исботидир.

Ҳурматли халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари!

Албатта, қисқа фурсатда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчасига бирма-бир тўхталиб ўтишнинг имкони йўқ. Бугунги конференция, жамиятимизнинг ҳар бир бўғинида, ҳар бир соҳа замирида амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб этиш ва келажак режаларини белгилашда тажриба алмашиш майдонига айланишига ишончим комил!

Ишонаманки, бугунги халқаро конференция доирасида ўрганганларимиз асносида, халқимиз ва давлатимиз манфаати йўлида хизмат қилувчи янгидан янги ғоя ва таклифлар, истиқболли лойиҳалар ижодкорига айланамиз!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+