Мамлакатимизда маънавиятни юксалтиришга қаратилган стратегик ҳужжат

01.04.2021 13:04:43

Кейинги йилларда Мамлакатимизда Президентимиз томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи сифатида ёшларнинг ғоявий тарбияси, маънавий-маърифий ишларни модернизациялашнинг бир қатор йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асл моҳияти ва пировард мақсади – бугунги мураккаб ва таҳликали замонда халқимиз маънавиятини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаб қолиб, ривожлантириш, ёшларимизни Ватанимизга, миллий ғоямизга садоқат руҳида тарбиялашдир.

Бугун мамлакатимиз Янги Ўзбекистон – «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» тамойили асосида тараққиётнинг янги 3-ренессанс пойдеворини яратиш даврига қадам қўймоқда. Шундай экан, аждодларга муносиб юксак маънавиятли – кучли миллий ўзликка эга бўлган, ўзи ва бошқаларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган, ўз халқининг келажаги учун масъулиятни бўйнига оладиган авлодларни тарбиялаш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир.

Жорий йилнинг 26 март куни Президентимиз томонидан имзоланган «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори маънавий-маърифий ишлар тизимини замон андозалари асосида ислоҳ қилиш асносида, соҳани тубдан такомиллаштиришнинг бир қатор устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Белгиланган устувор йўналишлар сифатида – эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини оширишижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш, геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш каби масалаларнинг кўндаланг қўйилганлиги тизимда янги бир даврни бошлаб берди.

 Шунинг билан бир қаторда, мазкур Қарорда Республика Маънавият ва маърифат марказига таълимнинг қуйи бўғинлари, шунингдек, олий таълим тизими ва бошқа тузилмалар кесимида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг мониторингини олиб бориш, айни йўналишда хорижий тажрибани ўрганиш, шунингдек, бугунги мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган тарбия технологиялари, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, маънавий тарбия ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш, уларнинг натижалари амалиётга татбиқ қилинишини мувофиқлаштириш вазифасини юкланганлиги, бу борада олий таълим муассасаларининг илмий тадқиқот ишларини олиб боришда марказ билан самарали ҳамкорлик қилиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Қарорда «Маънавият тарғиботчиси» таълим муассасаси негизида Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш белгиланганлиги, айни йўналишдаги фаолиятнинг ҳар томонлама илмий-назарий аспектда тадқиқ қилиш имконини беради.

Таъкидлаш лозимки, ёшлар тарбияси бўйича шу пайтгача кўпчилик олий таълим муаасасалари ва уларнинг филиалларида қийинчилик ва муаммо бўлиб келаётган яна битта масала мазкур Қарор асосида ўз ечимини топди. Яъни, давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими жорий этилди. Айни ҳолат бугунги глобаллашув жараёнида олий таълим тизимида ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилиши, сўзсиз.

Янги Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим тизимининг бакалавриат босқичида тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига «Маънавиятшунослик», магистратура босқичида «Касбий маънавият» фанлари киритилиши ҳамда магистратура таълим босқичида «PR-менежер» мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланишининг белгиланганлиги маънавий-маърифий соҳада ҳам келгусида замонавий ахборот технологиялар асосида тарғибот юритувчи малакали кадрларни етишиб чиқишига имкон беради.

Қарор асосида маънавий-марифий ва ғоявий-тарбиявий ишларининг моддий ва молиявий масалалари ҳам ўз ечимини топди. Айни ҳолат эса, эндиликда  ҳар қандай тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда, маънавий-ғоявий тадбирлар ташкил қилишда, шунингдек, янги материаллар, илмий-услубий қўлланмалар яратишда жуда катта имкониятлар пайдо этади, шунингдек, соҳа фаолияти натижадорлигини оширишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқлаган ушбу муҳим Қарор, юртимизда маънавий-маърифий ва ғоявий-тарбиявий ишларни янги босқичда самарали фаолият кўрсатишида асосий тарихий ҳужжат сифатида хизмат қилади.  Бу ўринда эса, олий таълим муассасаларининг фаол иштироки муҳим ўрин тутади.

Бугунги янгиланаётган Ўзбекистон шароитида «Мамлакатимизда олдимизга қўйган олий мақсадларни амалга ошириш, ҳар томонлама ривожлантириш учун халқимиз, ёшларимизда қайси фазилатларни кучайтириб, қайси иллатларга чек қўйишимиз керак?», деган саволларга илмга асосланган жавоблар керак! Бу саволга эса, маънавият жавоб бериши ва халқимизни бунёдкор ишларга даъват қилиши лозимдир.

 

Қувондиқ ҚОДИРОВ,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори,

«Адолат» СДП фаол аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+