Маънавият масканида зукколик баҳси

24.07.2024 12:07:31

Ўзбекистон « Адолат» СДП Когон шаҳар Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Когон шаҳри бўлинмаси, Ёшлар агентлиги, Нуроний жамғармаси, Маҳаллалар уюшмасининг Когон шаҳри бўлимлари ҳамкорлигида Когон шаҳридаги Маънавият ва маърифат масканида шаҳар маҳаллалари ёшлари иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйини бўлиб ўтди

Ушбу тадбирда Амир Темур, Беруний, Навзирабод, Бухоройи шариф, Алишер Навоий, Мустақиллик ва Истиқлол маҳаллаларидан келган элликдан ортиқ йигит-қизлар зукколик, тафаккур бобида ўзаро беллашдилар.

Тадбир аввалда тадбир ташкилотчилари сўзга чиқиб, ёшларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан сақланиш бўйича ўз тавсияларини берди.

-Шоҳжаҳон Исамутдинов, «Адолат» СДП Когон шаҳар Кенгаши раиси, халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати:

-Ахборотлар ёруғлик тезлигидек тез тарқалаётган ушбу замонимизда жамиятнинг келажаги бўлмиш ёшларга турли ёт ғояларнинг таъсири этиб келиши жуда осон. Оммавий ахборот воситаларининг барча турлари орқали, хусусан, интернет тармоқлари ёрдамида исталган маълумотни дунёнинг исталган бурчагига этказиш имконияти мавжуд. Албатта, бунинг кўплаб ижобий жиҳатлари борлиги билан салбий томонлари ҳам етарличадир. Энди бугунги даврда ёшларнинг жисмонан соғ саломат бўлишларининг ўзи етарли бўлмай қолди. Балки, уларни руҳан соғлом бўлишлари, кенг дунёқарашга эга бўлишлари, турли ёт ғояларга қарши тура оладиган кучли танқидий фикрлай олишлари ҳам зарур бўлиб қолди.

Дарҳақиқат, интернет орқали тарқалиб, тобора турли хил шакл олаётган виртуал бузғунчиликлар, зўравонликлар, ёшларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказувчи видео, фильм ҳамда ўйинлар, диний экстремистик материаллар, инсонийликка зид бўлган ишлар эндигина ўсиб келаётган беғубор хаёлот оламига эга болаларнинг онгини заҳарлаб, уларни жамиятга бефойда ва зарарли одам бўлиб этишишларига сабаб бўлмоқда. Мазкур ёд омиллар таъсирига тушиб қолмаслик мақсадида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтиши учун шу ва шу каби тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Беллашувда Беруний маҳалласи ёшларидан иборат «Беруний ёшлари» жамоаси 1-ўринни эгаллаб, «Заковат» ўйинларининг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.

«Заковат» ўйини якунида ғолиб ва совриндорларга партиянинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Моҳигул Раҳимқулова,
«Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+