Маънолар хазинасини авлодларга етказувчи йўл

24.06.2021 14:06:39

Китоб – замонлар тўлқинида сузувчи, ўзидаги маънолар хазинасини аждодлардан авлодларга авайлаб етказувчи тафаккур кемаси. Халқимиз тилида китоб ўқиб билим ва муносиб тарбия олиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир ҳикматли сўзлар жуда кўп. “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Гўзаллик – илму маърифатда”. Бундай ҳикматли нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Албатта, китобга дўст бўлиш орқали одамлар тўғри йўлни топади. Китобга дўст бўлиш уларнинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли бўлишининг муҳим омили экани ҳеч биримизга сир эмас.
Айниқса, ёш авлодни комил инсонлар бўлиб вояга етишида китобнинг, китобхонликнинг ўрни беқиёс. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.

Бугун айнан шундай мақсадни кўзлаган “Йилнинг энг яхши китобхон мактаби” кўрик-танловининг вилоят босқичи Самарқанд вилояти болалар кутубхонасида бўлиб ўтди. Танловда Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Танловда туман ва  шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 та мактаб жамоасидан 96 нафар иштирокчилар қатнашиб, ғолиблик учун 4 та шарт бўйича  беллашдилар. Ҳакамлар учун ғолибни аниқлаш осон кечмади. Барча иштирокчилар кучли тайёргарлик кўришганини ҳар бир шартни аъло даражада бажараётганидан билиш мумкин.

Китоб ҳаётимиз йўлларини ёритгувчи бир машъал десам муболаға бўлмайди. Китоб ва китобхонликни ҳаётимизда ўрни беқиёс. Айниқса, бугунги замонавий ахборот технологиялари компьютер, интернет, мобиль алоқа воситалари ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб бораётган бир даврда эртамиз эгаларида китобхонлик маданиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб этаяпти. Бугунги тадбирда кўзида олов ёниб турган қайсидир китобдан савол берсангиз, мазмун-моҳиятини теран англаган ҳолда тезкорлик билан жавоб бераётган ўқувчи-ёшларни кўриб кўнглим тўлди. Ахир келажагимиз ёшлар қўлида деб бежизга айтилмайди-ку. Шу ёшлар эртага ўсиб-улғайиб юрт корига ярайдиган, ватан чақириғига лаббай деб жавоб бўладиган кадрлар бўлиб етишишига ишончим комил - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов.

Танлов якунига кўра 1-ўринни  Жомбой туманининг 46-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси,  2-ўринни Иштихон туманининг 1-ИДУМ жамоаси, 3-ўринни Самарқанд туманининг 2- ИДУМ  жамоалари эгаллашди. “Энг зукко маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари”, “Энг ташаббускор она-тили ва адабиёт ўқитувчиси”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”, “Энг билимдон кутубхоначи”, “Энг китобсевар ўқувчи” номинациялари асосида ҳам  иштирокчилар тақдирландилар. Танловнинг барча иштирокчи жамоалари ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғаларига сазовор бўлдилар.

Танловда 1- ўринни эгаллаган Жомбой тумани 46-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси танловнинг Республика босқичида қатнашиш учун  йўлланмани қўлга киритди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки бундай тадбирларни ёшлар ўртасида кенг кўламда ўтказилиши китобхонликни ёшлар онгига сингдириш билан бир қаторда уларнинг маънавияти ва салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Шаҳноза АХМАТОВА,

Самарқанд вилоят болалар кутубхонаси мактабгача ва кичик мактаб ёшидаги болаларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи, партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+