Мақсадга тўлиқ етиш учун...

06.04.2021 12:04:14

Мамлакатимизда сўнги йилларда тиббиёт соҳасига эътиборнинг кучайганини соҳага давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг йилдан-йилга ошиб бораётганидан ҳам кўрсак бўлади.

Сўнгги пайтларда тиббиёт муассасаларимиз кўплаб замонавий янги тиббий ускуналар билан таъминланмоқда. Айниқса, тиббиёт муассасаларига хориждан замонавий тиббий жиҳозлар олиб келиняпти. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо улар билан ишлайдиган малакали кадрларни етарли, дея олмаймиз. Тўғри, шаҳарларимиздаги марказий касалхоналар, оилавий поликлиникаларда аҳолига хизмат кўрсатиш борасида сезиларли ўзгаришлар бор. Лекин қишлоқ худудларида яшайдиган аҳоли учун махсус олиб келинган ускуналарда маҳорат билан ишлайдиган мутахассислар сони жуда оз.

Айнан ушбу масала Президентимизнинг жорий йил 1 апрель кунги аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига қаратилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб ўтилди.

Маълумки, бу борада чекка ҳудудларда эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, “Қишлоқ шифокори” дастури қабул қилинган эди. Бундай жойларда ишламоқчи бўлган шифокорларга 30 миллион сўм пул берилиши белгиланиб, бу мақсадлар учун бюджетдан 20 миллиард сўм ажратилган. Лекин, орадан 4 ой вақт ўтган бўлса-да, бирорта талабгор билан шартнома имзоланмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда олис ва чекка ҳудудлар учун 220 нафар шифокор зарур. Бундан ташқари, ҳудудларда 10 минг нафар тор мутахассис етишмаслиги Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилди.

Шу боис келгуси ўқув йилидан клиник ординатуранинг қабул квотаси икки бараварга оширилиши, ординаторлар ушбу ўқув жараёнининг ярмини олийгоҳ ва ихтисослашган марказларда, қолган ярмини эса иш жойида давом эттириши бўйича ва ҳудудлар учун зарур бўлган тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан грант ажратилиши бўйича белгилаб берган вазифалари мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг тизимли олиб борилишига хизмат қилади.

Ушбу йиғилишда яна бир аҳамиятли масала кўтарилдики, инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Бу ташаббусни партиямиз асосий вазифаларининг бири сифатида қарайди ва уни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Умуман олганда, танқидий таҳлил руҳда ўтган йиғилишда тиббиётдаги аҳвол жуда оғир экани, соҳа бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар бажарилмасдан қоғозда қолиб кетаётгани таъкидланди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, аҳоли саломатлигини асраш йўлида қилинаётган бундай жонкуярликда, умуман, инсон манфаати учун қилинаёган ҳар бир ишда Президентимизга камарбаста бўлишимиз зарур.

 

Нурлыбай ҚАЙИПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+