Мавсумий ишчилар ҳам келажакда муносиб пенсия олиши лозим

11.10.2021 14:10:40

 

“Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод  Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиевнинг сайловчилар билан учрашуви Риштон, Олтиариқ ва Бағдод туманларида бўлиб ўтди.

 Ҳар бир туманда ўтказилаётган учрашувларда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари,  педагоглар,  ёшлар ҳамда турли масалаларда ўз саволига жавоб топиш истагида бўлган фуқаролар иштирок этишди.

 Учрашув иштирокчилари одатдагидек номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури мазмуни, мақсади,  турли соҳаларда татбиқ этилиши кўзда тутилган ташаббуслари билан таништирилди.   Ташаббусларнинг амалда қандай натижалар бериши ҳақида ҳам батафсил  тушунча берилди.  Жумладан,  “Ижтимоий адолатни қарор топтирамиз!”  йўналишида меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришиш, ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашиш,  мамалакатимизда  ва чет элда ишлаётган  ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб бериш, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олиши, меҳнат  стажига  қўшилиши ҳамда  келажакда муносиб пенсия олиши ҳақида сўз боради. 

- Номзоднинг  сайловолди дастурида  мавсумий ишчиларнинг манфаатлари ҳам инобатга олингани жуда қувонарли ҳолат, – дейди  Бағдод тумани “Чўлюнус” МФЙда яшовчи Моҳира Худойберганова. – Чунки    кўплаб аёлларимиз, йигитлар мавсумий иш билан шуғулланишади.  Улар учун қарилик нафақасини олиш оғриқли мавзу. Агар тизим йўлга қўйилса,  айтиш мумкинки, туманнинг ўзида минглаб хотин-қизларга  кўмак берилган бўлади.  

 Учрашувлар давомида номзод ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев  кўпроқ таълим тизими, сайловчиларнинг электорал маданиятини ошириш,  сайлов жараёнида ҳар бир фуқаронинг ўрни ва танловининг ҳаёти ва келажагига таъсири ҳусусида алоҳида тўхталди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш,  тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини  кенг жорий этиш тарафдори эканлигини билдирди.

-“Ақлли тиббиёт” тизимини  шакллантириш  бўйича  таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб,  аҳолининг тиббий маданиятини  ошириш бўйича “Миллий дастур” қабул қилиш тарафдоримиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев. – Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштиришда, яъни фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқарига риоя этиш, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. 

Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан  ишончли вакилдан жавоб олдилар.

 

 Камола ПОЛВОНОВА,

 “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+