Мазлумларга ёрдам қўлини чўзиш — мардларнинг иши

03.05.2021 10:05:43

Айтишларича, учта дуо ижобат қилинаркан: рўзадорнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси.

Муборак Рамазон ойида халқимиз саҳарлик ва ифторлик вақтларида оиласи, яқинлари учун яхшиликларни тилайди. Демак, оилада тинчлик-хотиржамлик, тўкин-сочинлик ҳукм сурган юртда файзу барака аримайди, иншааллоҳ.

Кези келганда айтиш керак, ўтган ҳафтанинг муборак жума кунида Президентимиз ташаббуси ва назорати билан навбатдаги савобли ва хайрли ишга қўл урилгани юрт тинчлигини сўрайдиган дуогўйларнинг сафини кенгайтирди.

«Меҳр-5» операцияси доирасида 93 нафар ўзбекистонлик — 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Суриядан Тошкентга олиб келинди.

Бу инсонлар нафақат мусофир, балки яқинларининг узоқни ўйламай қилинган ҳаракати туфайли уруш кетаётган “қайноқ нуқта”ларда кун кечиришга мажбур бўлган мазлума она ва болалардир.

Улар одам боласи ҳатто тасаввур қилиши бўлмаган, ҳатто душманга раво кўрилмайдиган шароитларда яшаган, 3 йилдан ортиқ вақт мобайнида «Ал-Ҳол» лагерида ушлаб турилган аёллар ва болалардир. Турмуш ўртоғи ёки оға-инисини кўзи қиймай бегона юртларга кетиб, ақалли бир кун бўлсада ҳузур кўрмаган, ҳар бир кун ва тунни турли хил машаққату синовлар билан ўтказган опа-сингилларимиздир.

Олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим болалар ҳам бор.  Бу мурғак ва беғубор қалб эгалари ҳам бошқа тенгдошлари каби бор эркалигию тантиқлигини ота-онасига кўрсатса, бобосию бувисининг тиззасидан тушмасдан катта бўлса бўлмасмиди?

 Ҳатто, дарсидан бўш вақтида қишлоғидаги ўнқир-чўнқир кўчасидан ўзига жой ажратиб, дўстлари билан тўп суриб юрса ҳам майли эди. Болаларда гуноҳ йўқ. Шукрки, давлатимиз раҳбари катталарнинг хатоси туфайли болаларимиз азият чекишига йўл қўйиб бермади. Энди улар ҳам барча тенгдошлари сингари мактабга боради, ўқийди, таълим олади.

Бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсига жойлаштирилди ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Демак, уларда шунчаки тинчликда, қулоқни тешиб юборадиган дажадаги шовқиндан ҳоли масканда ором олиш имконияти бор. Бундай имкониятда улар ҳар тонгда бирор мақсадни илгари суриши ва шу мақсади сари шахдам қадамлар билан ҳаракатланиши мумкин.

 Шу ўринда яна бир гап. Айнан ушбу юртдошларимиз арзимаган масалаларни глобал муаммо сифатида “эътироф” этадиган айрим одамларимизга шукроналик, сабр-қаноат қилишдан дарс ўтса ҳам рози эдим...

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+