Меҳнатда тобланган нуроний

03.05.2021 15:05:46

Тўланбой ота Турсунов Наманган шаҳрининг “Алпомиш” маҳалласида умргузаронлик қилаётган меҳнат фахрийларидан. У шу  депарада яшайдиган катта-кичикни яхши билади. Бир муддат МФЙ раиси бўлиб ҳам ишлаган. Ҳозир ҳам жамоатчилик ишларида фаол. Яқинда бир масалада маслаҳат қилиш асносида учрашиб қолдик. Суҳбат давомида мавзу Хотира ва қадрлаш кунига бориб тақалди.

– Ҳозир мазкур санага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, - деди у. – Фаоллар биринчи навбатда меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар оладилар, совға-саломлар тақдим этадилар. Бундай кўпни кўрган эл-юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган инсонларни ҳар қанча ардоқласак арзийди. Боз устига бу навқирон авлод учун намуна бўлади. Улар ҳам кексаларни ҳурмат қилишни ўрганадилар.

Тўланбой ота ҳозир ҳам ўзининг панд-насиҳатлари, ўринли маслаҳатлари билан ёшларга ҳамкорларни тилга олганда, Ҳошимжон ота Абдурасулов ҳақтда ҳам алоҳида тўхталди. Оқсоқол Ирода кўчасида истиқомат қилар эканлар. Кейинчалик суриштирсак, ўғиллари Баҳодиржон ҳам қадрдонимиз чиқиб қолди. Чунки у Наманган шаҳридаги 8-умумтаҳлим мактабига қарийб ўттиз йилдан бери директорлик қилади. Ўткир нафасли хушхон хонанда сифатида ҳам мухлисларга яхши таниш.

Йўлимиз тушиб, Ҳошимжон отанинг хонадонларига ҳам ташриф буюрдик. Ҳамма ёғи саранжом-саришта ҳовлида, ток остидаги сўлим мўрида анчагина гурунглашдик. Тўқсон тўрт ёшни қоралаб қўйганларига қарамай, хотиралари тиниқ, фикрлари теран, сўзлари дона-дона.

– Ҳозирги ёшларга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди, - дейдилар отахан. – Улар дориломон замонда яшаб, вояга етмоқдалар. Улар учун ҳамма соҳада кенг имкониятлар очилган. Бизнинг болалигимиз даҳшатли уруш йилларига тўғри келди. Лекин матонатли халқимиз билан биргаликда машаққатларни енгиб ўтдик. Ғалабадан сўнг аста-секин ҳаёт изга тушиб, яхши кунларни ҳам кўрдик. Юртимизда мустақиллик шабадаси эса бошлаганда нафақага чиқиб бўлгандим. Миллатнинг асрий орзуси ушалганидан бошим осмонга етиб, ўғил-қизлар, невара-чеваралар даврасида кексалик гаштини сурмоқдалан...

Ҳошимжон отанинг ҳикоя қилишларича, уруш бошланганда, у шаҳардаги 5-мактабнинг еттинчи синфини битирганди. Ҳаёт бирдан оғирлашиб, одамларнинг боши қийинчиликдан чиқмай қолди. Фронтга бораман деса, ҳали ёши етмайди. Ўйлаб-ўйлаб, шаҳар яқинидаги “Октябрь” жамоа хўжалигига ишга кирди. Йигитлар урушга кетганликлари учун уни бажонидил ишга олишди. Кетмон чопди, сувчилик қилди, етиштирилган сабзавот маҳсулотлари вагонларга юкланиб, фронтга жўнатилганида ўз бурчини бажарганлигидан қониқиш ҳосил қилар, яна меҳнат қўйнига шўнғиб кетарди.

– Орада мени табелчиликка ўтказишди, - деб эслайди Ҳошимжон ота. – Каримжон Отабрев бригада бошлиғи эди. Мирзаали Искандаров эса хўжалик раиси эди. Икковлари ҳам қаттиққўл одамлар эдилар, аммо ҳеч қасон одамлар ҳақида ғамхўрликни унутишмасди. Чунки ишловчиларнинг аксарияти мен каби ўсмирлар ҳамда аёллар эди. Ниҳоят, қирқ бешинчи йилнинг май ойи етиб келди ва фашистлар Германияси тор-мор этилди. Аста-секин тинчлик кунлари бошланди...

Ҳошимжон урушдан кейин ҳам жамоа хўжалигида ишлашни давом эттирди. Тўрт йил ҳарбийда хизмат қилиб ҳам келди. Кейин эса ҳайдовчилик курсини битириб, машина ҳайдади. Қатор автохўжаликларда ишлади, одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин вилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Оила қурди, фарзандларни ўстирди. Самарқанд кўчасидаги ҳовлиси бузилгач, ҳозирги ҳовлини тиклади. Қисқаси, унинг ҳар бир куни меҳнат билан ўтди, ҳаётда тобланди. Ҳақиқий инсон қандай бўлишини англаб етди.

Ҳозир Ҳошимжон отанинг фарзандлари беш нафар бўлса, уларнинг ҳар бири оила қуриб, солиҳ ўғил-қизларни вояга етказишди. Байрамлар ва оилавий тадбирларда ҳаммалари учун қадрдон ота ҳовлига тўпланиш анъанага айланган. Ўшанда бу ер жуда гавжум бўлиб кетади. Ўзингиз ўйлаб кўринг – 19 невара, 18 чевара, 5 эвара. Уларнинг барчаси  бобони зиёрат қилиб, дуосини оладилар.

Ана шундай пайтларда Ҳошимжон отани хаёллар ўтмишга етаклаб кетади. Самарқанд кўчасидаги эски ҳовлини, отаси Йўлдошхон ҳожини, онаси Бурузвон аяни, ака-укаларини эслайди. Бутун ҳаёти кўз олдида кино тасмасидагидай гавдаланади. Ҳеч қачон имонга ва виждонга қарши иш қилмаганлигини ўйлаб, кўнгли жойига тушади.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+