Меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш қандай ташкил этилиши лозим?

24.07.2021 11:07:54

Ҳар бир инсон муносиб меҳнат шароитларига эга бўлишга ва қилаётган меҳнатига яраша ҳақ олишни истайди. Аммо ходим томонидан бажарилаётган иш қониқарли ёки қониқарсиз бўлиши мумкин. Биз биламизки, давлат ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг бир кунлик иш вақти саккиз соат этиб белгиланган. Бироқ ушбу саккиз соатни беҳудага сарфлаб ойлик маош оладиганлар ҳам белгилангандан ортиқ ишлаб кам маош оладиганлар ҳам бор. Демоқчиманки, ходимга белгиланган иш соатини қайта кўриб чиқиб, бу борадаги ишларни қайта ислоҳ қилиш керакмикин? Баъзи бир ташкилотларда кечаси соат 22:00-23:00 га қадар ишхонада қолиб ишлайдиган ходимлар бор. Ўз-ўзидан уларнинг меҳнат шартномасидаги ҳуқуқлари бузилмоқда. Аммо улар раҳбарга буни тўғридан-тўғри очиқ айтолмайди. Ёзилмаган қонунларимиз бор-да. Жамиятда ҳақиқий қонунлар қолиб улар ишлайди. Бу ўз тилимизда айтганда ахлоқ қонунлари, деб аталади. Бир вақтлар Адлия вазирлиги  томонидан ушбу ҳолат назоратга олинган эди. Аммо кейинчалик ташлаб қўйилди.

Парламент томонидан шунча қонунлар ишлаб чиқилаётганига қарамай ахлоқ қонунлари қон-қонимизга шу қадар сингиб кетганки, улардан ҳеч кечолмаяпмиз. Нега? Чунки қўрқоқмиз… Иссиқ жойимизни бўшатиб қўйгимиз келмайди. Шу тариқа, ҳақ-ҳуқуқимизни ҳеч қачон ҳимоя қила олмай яшаб ўтиб кетамиз…

Энди таклифларга ўтсак. Таклифки, саккиз соатлик нормадан воз кечиб, ишбай тизимга ўтиш лозим. Баъзи ходимлар ўзига берилган топшириқни бажариши учун 8 соат вақт кўплик қилади, бу унга ортиқдек туюлади, баъзилар бор бу вазифани бир неча кунда ҳам удда қилолмайди. Ходим ишга олинаётганда ишлай олиш салоҳиятига қараб ишга олинса ва шунга қараб маош белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Штатлар жадвалидаги тафовутлар ҳам шунга қараб тузиб чиқилар эди. Биринчидан, бунда бекор кетаётган вақт, меҳнат ресурслари тежалади. Иккинчидан, меҳнат самарадорлиги кучайиб, ходимлар ўртасида ўзаро рақобат юзага келади. Чунки ходим онгида аввалгидек, “Шунча соат ўтирсам бўлди, барибир шу ойликни оламан”,  деган ўй йўқолиб, “Қанча ишласам, шунча маош оламан”, деган фикр шаклланади. Бу эса фаол ҳаракатларни кучайтиради.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+