Меҳр ва эътибор бола танламайди

18.08.2021 17:08:25

Шу пайтгача Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини, ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни ижтимоий ҳимоя қилаяпмиз, деб юрдигу лекин амалда ҳеч ифодасини кўрмадик.

Меҳрибонлик уйида шароитлар яратилган бўлиши мумкин, лекин тарбияланувчилар вояга етиб, муассаса эшигидан ташқарига чиқиши, мустақил ҳаётга қадам қўйиши билан муаммолар гирдобига шўнғирди. Ҳеч ким уларни сўрамас эди. Шу боис, бундай йигит-қизларнинг аксарияти реал ҳаётнинг синовларига, қийинчиликларига дош беролмай, турли қинғир йўлларга кириб кетарди. Бу кўз юмиб бўлмас аянчли ҳақиқат эди.

Президентнинг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ана шу фожиали маназарага ҳам барҳам бериладиган бўлди.

Яъни, мазкур қарор билан 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилади. Унга кўра, эндиликда ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.

Тан олиш керак, бундай тизим мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор амалиётга жорий этилмоқда ва энг муҳими бу юзлаб сарсон тақдирларни изга солишга ёрдам беради.

Қарорда яна бири жуда муҳим ҳаётий жиҳатга эътибор қаратилган. Бу етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб ўрнатилаётган янги тартибдир.

Унга кўра, аввало, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади. Шунингдек, уларга ўрта-махсус ва олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар харид қилиш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.

Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат ҳам Президентнинг эътиборидан четда қолмади. Бу ҳам бўлса, ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг нодавлат таълим ташкилотларининг хорижий тиллар, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган 2 та фан, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича курсларида ўқиш харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача миқдорда компенсация қилинишидир. Бу, албатта, катта ҳаёт остонасида турган меҳр ва эътиборга муҳтож ёшларимиз учун муҳим аҳамият касб этади.

Эндиликда қарор билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланадиган тизим жорий этилмоқда.

Шунингдек, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун ОТМга қўшимча қабул квоталари жорий этилаётгани, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўқув, илмий ва бадиий адабиётларни харид қилиш харажатларини қоплаб бериш тартибини тасдиқлаётгани ҳам мамлакатимизда меҳрга муҳтож йигит-қизларга қаратилаётган юксак эътибор намунасидир.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Энди ОТМни битирган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг кейинги тақдири ҳам доимо назоратда бўлади. Бунда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги шакллантирган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар рўйхати асосида уларнинг йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳар йили амалиёт ўташи ташкил этилади. Бу эса уларнинг ишга жойлашиши учун қўл келади. Бунинг учун Президент қарорида ҳуқуқий асослар ҳам мустаҳкамланди.

Айтиш жоизки, қарорда Меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларидаги ўғил-қизлари учун спортнинг якка кураш, футбол, сузиш, теннис, шахмат, чавандозлик каби спрот тўараклари ташкил этилиши уларнинг соғлом ва бақувват, айни пайтда, мамлакатимизда юксалиб обраётган спорт турлари билан шуғулланиш, бунинг ортидан мазкур йўналишларда ўз қобилиятини намоён этиш имконини беради.

Ўз навбатида, бизнинг университетимиз жамоаси ҳам бу каби хайрли ва эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишга бел боғлаган. Шу мақсадда, Чирчиқ шаҳридаги ва бошқа ҳудудлардаги Меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиб, бу ерда тарбияланаётган ўғил-қизларни келажакда соғлом вояга етиши, олий таълим олиши ва касб эгаллаши, умуман ҳаётда ўз ўрнини топиши учун аниқ режалар асосида иш бошлаймиз.

Мақсадимиз аниқ: янги Ўзбекистон фарзандлари ҳар томонлама соғлом, эзгу ишларни қилишга қодир, халқчил ислоҳотларимизга дахлдор бўлиб вояга етсин. Токи, бу қутлуғ заминда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин.

 

Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия

ва спорт университети ректори

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+