“Меҳр юрти”да кексалар – иззат-икромда

11.05.2021 22:05:30

Аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказиш, очиқ мулоқотларда уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, пировардида, аҳолининг бугунги яшаётган кунидан розилигига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айтиш жоизки, олис ва чекка ҳудудларга бориб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш амалиёти аҳолининг дарду ташвишлари, таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишда самарали тизимга айланди.

Бу борада “Адолат” СДП Тошкент вилояти кенгаши  фаоллари, депутатлари томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган хайрия тадбирлари нафақат қишлоқ аҳолиси билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, балки уларга маънавий-ҳуқуқий, моддий, тиббий, бандлик масалаларида амалий ёрдам кўрсатиш имконини бераётгани билан  аҳамиятлидир.

Жумладан, Халқ депуталари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Гулнора Ахмедова ташаббуси билан партиянинг  “Жамоатчилик назорати-қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида Қибрай туманининг   “Туркистон” маҳалласида жойлашган  43-мактабда “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” мавзусида  ташкил этилган навбатдаги хайрия тадбири ҳудуд аҳолиси, айниқса, кекса, кам таъминланган ва эҳтиёжманд, тиббий кўрикка муҳтож оила вакиллари учун амалий жиҳатдан фойдали томонлари билан унутилмас бўлди.

Депутат Г.Ахмедова  томонидан ташкил этилган тадбирда  партиянинг туман Кенгаши фаоллари,  туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутассадилари ҳудуд аҳолиси билан очиқ мулоқотга киришиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.

Айтиш жоизки, “Туркистон” маҳалласи марказдан  30 километр узоқликда Қибрай туманининг энг чекка ҳудудларидан ҳисобланади. Айни кунда марказдан йироқлиги боис баъзи масалалар борасида бир мунча қийинчиликлар юзага келади. Жумладан, ёши катта фуқароларимизнинг марказдаги тиббиёт масканларида кўрикдан ўтказиш муаммолари мавжуд. Бугунги кунда “Туркистон” маҳалласида 750 нафар аҳоли мавжуд, шундан 45 нафар кекса ёшдаги шахслар истиқомат қилиб келмоқда. Шулардан 10 нафари ёлғиз, боқувчиси йўқ кексалардир.

Сайёр қабулда 15 нафар фуқаронинг турли даражадаги 10 дан ортиқ муаммоси жойида ҳал этилди.  Жумладан, депутат томонидан  кекса ёшдаги нуронийларнинг 10 кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари  ҳамда   4 нафар меҳнат фахрийсига  сиҳатгох учун  бепул йулланма тақдим этилди.


Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+