МEНГА ВАҚТ БEРИНГ!

06.06.2024 20:06:06

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи хайрли амалдан — Бухородаги етти пирларнинг сўнггиси бўлмиш Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳини зиёрат қилишдан бошланди. Бу ерда Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди. Бу Президентимизнинг ислом оламининг муқаддас қадамжоларига чексиз ҳурматлари ва Нақшбандия тариқатининг асоси бўлмиш «Дилба Ёру Даст ба-кор» яъни, «Дилинг Аллоҳда, Қўлинг меҳнатда бўлсин!» деган ғояни ўзлари учун дастуруламал қилиб олганликларидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Баҳовуддин Нақшбанд мажмуаси янада обод қилиниб, тарихий аслият тикланмоқда. Бу ерни зиёрат чоғида бунёдкорлик, қурилиш ишлари, аввало, жорий йилда тикланган Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак кўздан кечирилди. Энди зиёратчилар Баҳовуддин Нақшбанд мақбарасига суннатга мувофиқ қибла тарафдан юриб боришади.

- Юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозани тиклаганимиз — ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодаси. Энди бу ердаги ҳар бир обидага, хонлар дахмаларига битиклар ёзиб қўйиш керак. Зиёратга келганлар қадам ба-қадам тарихни ўрганиб, маънавий руҳ олиб ўтсин, — деди Президентимиз.

Айтиш лозимки, ҳозирда Тоқи миёна дарвозасининг икки томони мевали дарахтларга бой боққа айлантирилган, нақшбандия тариқати пирлари ҳаёти ва фаолиятидан сўзловчи музей ҳамда таҳоратхона барпо этилган. Дарвоқе, йўқолиб бораётган Дониёлбий мадрасаси ҳам тикланмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг бир вақтлар Бухорои Шариф довруғини оламга ёйган 300дан ортиқ мадрасалар тарихини билишларидан далолат беради.

Президентимизнинг вилоятимиз диний идора мутасаддилари ва олимлар билан суҳбатда Баҳовуддин Нақшбанд меросини чуқур ўрганиш ҳақида ҳам фикр алмашилди. Чет давлатлардан манбаларни олиб келиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, музейни Имом Бухорий мажмуасидагидек мазмунан бойитиш зарурлиги таъкидланди. Бундан Нақшбандия таълимоти ғояларидан илмий иш қилган инсон сифатида жуда хурсанд бўлдим, маънавий меросимизнинг ўрганилмаган жиҳатлари, манбалари тадқиқотчиларимизни ўзига чорлаётгандек..

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга зиёратчилар, жумладан, хорижий сайёҳлар учун қулайликларни кенгайтириш, қишга ҳам, ёзга ҳам мос шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Мутасаддиларга олимлар ва мутахассислар берган тавсиялари асосида Қарор лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида «Қоракўл» эркин иқтисодий зонасида бўлди. Вилоят саноати ривожида алоҳида аҳамиятга эга бўлган «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси Президентимизнинг 2021 йил 13 августдаги тегишли қарорига асосан ташкил этилган эди. Унинг умумий майдони 566 гектар бўлиб, 5 та йирик лойиҳа жойлаштирилган. Улар босқичма-босқич амалга оширилиб, якунда уч мингга яқин иш ўрни яратилиши мўлжалланган.

Бу ерда давлат раҳбари Бухоро вилоятида энергетика ва транспорт соҳаларида янги лойиҳалар қурилишини бошлашга бағишланган маросимда иштирок этди. Ташриф чоғида давлатимиз раҳбарига корхонанинг режалари, навбатдаги босқичлар ҳақида маълумот берилди ва яна 500 та янги иш ўрни яратилиши ҳамда лойиҳа тўлиқ қувват билан ишласа, 121 миллион долларлик маҳсулотлар тайёрлаш имкони туғилади. Корхонанинг экспорт салоҳияти янада ортади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашди.

- Бугун Бухорога келишимиздан мақсад 2 миллиондан зиёд аҳолининг турмушини яхшилаш, даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартиришдир. Вилоятнинг кўп жойида экин экиш учун ернинг шўрини ювиш керак. Шунинг учун биз кўпроқ саноатга эътибор беряпмиз. Мана шу заводни ҳам нима учун қурдик? Бундай қувурларни олиб келиш учун кўп пулимиз йўлга кетарди. Бугун яна янги иншоотлар қурилишини бошлаймиз. Уларнинг атрофида бир нечта корхоналар, иш ўринлари пайдо бўлади. Пировард натижада одамларнинг уйига ёруғлик, ишонч ва умид киради. Ана шу умид бизларни бирлаштиради, — деди Президент.

Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятининг саноат кўргазмаси ва янги сармоя лойиҳалари билан танишди. Бухоро вилоятида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 14 миллиард долларлик 80 та лойиҳа шакллантирилган ва ишга туширилиши натижасида 22 минг 200 тадан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади. Бу, албатта, Бухоро аҳолиси учун қувонарли ҳолат.

Шундан 4 миллиард долларлик 14 тасини инвесторлар ва тармоқ раҳбарлари биргаликда тақдимот қилди. Лойиҳаларга Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Малайзия, Жанубий Корея каби мамлакатлар компаниялари сармоя киритмоқда. Лойиҳалар қурилиш материаллари, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, кончилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларни қамраб олган.

Президентимиз ўз нутқида — мамлакатимиз ҳудудларида эзгу ният ва мақсадлар билан улкан лойиҳаларни бошлаш яхши анъанага айланиб бораётганини қайд этди. Бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад эса жадал ўсиб бораётган иқтисодиётимизга янада катта туртки бериш халқимиз фаровонлигини оширишдан иборат экани айтиб ўтилди. Шундан сўнг Президентимиз томонидан янги объектларнинг қурилишига старт берилди.

Давлат раҳбари Қоракўл туманида маҳалла еттилиги вакиллари, нуроний онахон ва отахонлар, ёшлар вакиллари билан учрашдилар, улар билан дилдан суҳбатлашиб, Бухорога ташрифлари юзасидан кўзда тутилган лойиҳалари тўғрисида айтдилар. Вилоятда халқаро стандартларга мос, аҳолининг барча эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган инфратузилма яратиш, ҳар бир маҳаллада аҳолининг самарали меҳнат қилиши, дам олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, қишлоқларда ҳам катта шаҳардаги маҳаллалардан қолишмайдиган кўзни қувонтирадиган маҳалла марказларини ташкил этиш ниятлари борлигини айтдилар. Давлат раҳбари билан учрашган кекса онахон ва отахонларнинг фахру ғурур билан ўз Президентига миннатдорчилик, яратилган шароитларга шукроналик билдириши учрашувга файз қўшгандек гўё….

Президентимиз Бухорога ташрифининг иккинчи кунида Ғиждувон туманидаги ипакчилик корхонаси фаолияти билан танишиб, унда фаолият юритаётган аёллар билан суҳбатлашди, мутасаддиларга аёлларнинг яшаш ва меҳнат фаолиятларини янада яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

Давлат раҳбарининг ташрифи дастури доирасида Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича Ш.Мирзиёев вилоят мутасадди раҳбарлари, сектор раҳбарлари, вилоят фаоллари ва туман-шаҳар ҳокимлари билан учрашди.

Учрашув бошида Президентимиз томонидан ҳудудлардаги ўзгаришлар қайд этилиб, бу бўйича ҳисоботлар тингланди. Келгусида Бухорода аҳолининг ишсиз қатламларини ҳам иш билан таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш мақсадида вилоят шаҳар-туманларида йирик саноат ишлаб чиқариш мажмуалари, эркин иқтисодий зоналар барпо этилиши белгилаб олинди.

Президент ташрифида асосан аҳолини банд қилиш, камбағалликдан чиқариш, иқтисодиётни ривожлантириш, вилоятнинг туристик салоҳиятини, халқаро нуфузимизни ошириш, хорижда ишлаётган ҳамюртларимиз тўғрисида режалар, лойиҳалар муҳокама қилинди, лекин маънавият ва маърифат соҳаси ходими сифатида тафаккуримда чуқур из қолдирган бир ҳолат диққатимни тортди. Давлатимиз раҳбари чет элда яхши даромадли иш излаб кетганларни назарда тутиб, «Агарда ўзбекларни ёмон десалар, менинг ғуруримга тегади. Яқинда Россия давлати президенти Владимир Путинга «Менга озроқ вақт керак, агар Аллоҳ менга соғлигимни бериб турса, мен ўзимнинг одамларимнинг ҳаммасини Ўзбекистонимга қайтараман» деб айтдим. Шунда Путин «ундай қилманг, бизга ўзбекистонликлар жуда керак, улар яхши одамлар, биз уларни ҳурмат қиламиз», деди. Мен У кишига «унда ўзбекистонлик мигрантларга Россияда яхши шароитларни яратиб беринг, уларга ҳам ўзларингизнинг ишчи-ходимлардаги ҳуқуқларни беринг, тиббий хизмат бўладими, яшаши, кўчада эркин юришидаги тўсиқларни олиб ташланг» дедим. Менимча, бу Президентимизнинг Давлат раҳбари сифатида ўз халқига чуқур меҳри, келажагига масъуллиги, ўз олдига халқининг орзу истаклари билан боғлик мақсадлар қўйишидан, ҳақиқий халқпарвар раҳбарлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи мана шундай, сермазмун ва файзли бўлди. Бу ташриф «Ҳамма нарса инсон учун, инсон манфаатлари учун» тамойилининг амалий ифодасидир.

Марҳабо Пардаева
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Бухоро вилояти бўлими раҳбари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+