МЕТРОДА ЯНА “ҚОВУН ТУШДИ”

29.04.2021 16:04:51

Куни кеча “Новза” бекати яқинида поезд вагони техник носозлик оқибатида тўхтаб қолди. Шу ҳодисанинг гувоҳи сифатида мен ҳам бир зумдаёқ саросимага тушган йўловчиларнинг қаторида қолдим. Бундай ҳодиса биринчи марта юз бермаётгани учун йўловчилар ваҳимага ҳам тушдилар. Айрим йўловчиларнинг  туннел бўйлаб турнақатор кетишлари ижтимоий тармоқларни яшин тезлигида “портлатди”. Яъни:

- “Чилонзор” йўналиши бўйлаб поездлар “тескари юрмоқда”;

- “поезд одамларни 2-бекатда тушириб, орқага қайтиб кетди”;

- “фақат бир томонга юряпти шекилли”, каби йўловчиларнинг “алангали саломлар”и акс этган. Тўғри, носозликдан сўнг зудлик билан “Пахтакор” бекатидан Сергели томон махсус автобуслар йўлга қўйилди. Аммо бу дегани, метрода бундай ҳодисалар тез-тез юз бераверади, йўловчилар бошқа транспортларда манзилларига етказилаверади дегани эмасдир?! 

Жонажон метроимизнинг яқин ўтмишига қайтсак. 8 апрель куни Тошкент метросининг Сергели ерусти йўлида поезд тўхтаб қолди. Бунга рельсни қотириб турувчи мурватлари чиқиб кетгани сабаб бўлган деб айтилди. Ана ўшанда ҳам аланг-жаланг йўловчиларни рельслар бўйлаб пиёда ҳаракатланаётганини кўрган эдик.

16 апрель куни Тошкент метрополитени раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сергели метро йўналишида юз берган техник муаммога “Тошкент метрополитени” УК раҳбарияти шундай изоҳ берди (сўзма-сўз келтирамиз):

“ -  Биз шундай ҳолат бўлишини билгандик(!?), шунга тайёргарлик кўрдик(?). Фақат бир ойдан кейин бошланади(?) деб ўйлагандик. Чунки ҳаво ҳали 19-20 градус иссиқ бўлаётган эди. Ташқарида 30-35 бўлса, ўшанда қиламиз деган фикр бор эди. Биз рельсларнинг узайишини биламиз. Темир йўлда ҳам бу нарса бор. Рельсларнинг калтайиши ва узайиши ҳисобга олинган, фақат ҳаво ҳарорати 20 градус бўлганлиги учун сал кейинроқ бошлаймиз дегандик, ўша ҳолат бўлиб қолди(!)”, - дея таъкидлади метрополитен раҳбари.

Ажабо, метрополитен раҳбарияти қанақа ҳолат бўлишини билган эди? Улар нимага тайёргарлик кўрди? Қандайдир фожеалар юз беришига тайёргарлик кўришдими? Ёки қачон 30-35 градус иссиқ бўлишини-ю ана ундан кейин кўнгилсиз ҳодиса юз беришини кутишдими? 

10 апрель куни эса поезд Чилонзор йўналишидаги “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғида эшикларини ёпмасдан ҳаракатланган. Энди савол туғилади, нега бундай ҳолатлар илгари содир бўлмаган, нега сўнгги вақтларда тез-тез юз бермоқда? Энг ачинарлиси, йўловчиларимиз қачонгача юрак ҳовучлаб метрога  чиқадилар? Ушбу саволларга ҳали тайинли бир жавоб олинмади, бизнингча. 

Ўзбекистон Республикасининг онгли истеъмолчилари юқоридаги саволларга  малакали, тайинли, ишончли жавоб кутяпти. Аҳвол шундай экан, соҳанинг мутасаддилари пайсалга солмай, тегишли жавобларни беришлари шарт!

 

Нигора НИШОНБОЕВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+