Миллат келажаги аёллар қўлида

02.03.2021 12:03:48

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши барчада ёрқин таассурот қолдирди, десам муболаға бўлмайди.

Мамлакатимиз аҳолисини қарийб 17 миллионини ташкил этаётган  манфаатларини таъминлаш жамиятимиз ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.  Мазкур йиғилишда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Албатта, опа-сингилларимизга бўлган бундай эътибор ҳамда ғамхўрлик миллатимизда муқаддас аёл зоти қанчалик эъзозланишининг исботидир.

Мен мазкур видеоселектор йиғилишини барчамиз йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар, аёлларимизнинг оғриқли нуқтасига ечим бўладиган самимий давра суҳбатига қиёс қилдим. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган 2020 йилда “Темир дафтар” жорий этилиб, бир қанча муаммолар ҳал этилган эди. Сўнгра “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Шу асосда вилоят, туман ва шаҳар кесимида ишлар тизимли йўлга қўйила бошланди. Мени қувонтиргани шу бўлдики, аввал битта йўналиш бўйича ижро ҳокимияти ҳаммасига масъул бўлар эди. Бу ишлар эса хоҳлаймизми-йўқми чала йўлда қолиб кетар эди. Энди эса ҳар бир йўналиш ўзининг эгасига , айнан шу соҳани чуқур тушунадиган мутахассисларга берилди. Айтайлик, ҳуқуқ йўналиши ҳуқуқ соҳаси вакилларига,  тиббиёт эса соғлиқни сақлаш тизими вакилларига, ижтимоий ҳимоя касаба уюшмалари федерацияси бўйича ўз мутахассисларига топширилди. Йиғилишда қатнашган ҳар бир соҳа мутахассиси ўзининг иш  режасини яна бир марта бошқатдан мукаммаллаштириб олди, десак хато бўлмайди. Йиғилишда узоқ туманлардаги аёлларимиз орасида аниқланган  камқонлик, оғир хасталиклар билан оғриган аёллар ва уларга тиббий муолажалар ўтказиш хусусида ҳам топшириқлар берилди. Айниқса, аёллар орасида кўп учраётган онкологик касалликлар хусусида айтишимиз жоиз. Уларни даволаш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди. Шунингдек, тоғли шароитларда яшаётган аёлларимизни тизимли тиббий кўрикдан ўтказиш, соғломлаштириш бўйича алоҳида тизимли ишлар йўлга қўйилиши белгиланди. Аёлларимизни саратон касаллигига чалинишининг олдини олиш  мақсадида 9 миллионга яқин аёлларимизнинг ҳар бирини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, касалликни барвақт олдини олиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Энг муҳими, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбга тайёрлаш масаласини ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланди. Бу ҳам аёлларимизни эртага иш билан банд қилинишига замин яратади.

Мазкур видеоселекторда аёлларимизни қийнаб келаётган, ҳозиргача ечилмай турган муаммоларга ечим топилди десам, муболаға қилмайман. “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбари хонадонбай, маҳаллабай  ишлаш масалаларида катта эътибор қаратишимиз тўғрисида топшириқлар берди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га кирган ўз маҳалласидаги аёлларни иш билан таъминлаган тадбиркорларни рағбатлантириш учун бир қатор танловлар ўтказилиши режалаштирилди. Йиғилишда белгиланган масалалардан яна бири, туманларда нотураржойларда яшаётган хотин-қизларимизга моддий кўмак бериш, яна шунингдек,  ижарада туриб яшаётган хотин-қизларга ижара тўловини ҳам маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланди.

Қишлоқларда оғир турмуш шароитида яшаётган қизларимиз учун белгиланган квоталарни икки баробар ошириш ва ушбу квоталардан бу йил қандай фойдаланиш зарурлиги ҳам йиғилишда аниқ белгилаб берилди.

Мухтасар айтганда, халқ вакили сифатида биз депутатлар ҳам четда қараб турмай аёлларимизнинг юкини енгил қилиш мақсадида масъулиятни ҳис этган ҳолда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир жараёнда фаол иштирок этишни ўз олдимизга улкан вазифа қилиб олдик. Аёл фаол бўлса, миллат баркамол бўлади, миллат келажаги ҳам аёллар қўлида. Шундай экан биз депутатлар миллатимиз, жамиятимиз келажаги учун бор куч, билим ва имкониятимизни сафарбар қилишимиз лозим.

Шоҳида ХОЛЛИЕВА,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+