Миллий қадриятларимиз эътироф этилди

01.03.2024 16:03:12

Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши томонидан ҳаётга татбиқ этиб келинаётган “Эъзоз ва эътибор” лойиҳаси доирасида Хоразмтелерадиокомпанияси билан ҳамкорликда турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган партиямиз фахрийлари, фаолларини намунали умр йўллари ҳамда ибратли фаолияти кенг жамоатчиликка хабардор қилиб келинмоқда.
Лойиҳамизнинг бу галги қаҳрамонлари — Хоразм вилоят, Урганч туманидаги “Ҳамид Олимжон” маҳалласида истиқомат қилаётган партиямиз фахрийларидан уч опа-сингиллар – Ойшажон, Ҳуржон, Нуржон Маҳмудова бўлди.


Уч опа-сингил ибратли умр йўллари билан маҳаллада обрў-эътиборга тушиб, халқимизнинг ҳурмат, эътиборига сазовор бўлиб келаётган аёллар сирасига киради. Ойшажон опанинг миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмати ўлкамизга баҳор айёмининг кириб келиши муносабати билан опанинг хонадонида ташкил этилган “Миллий қадриятларимизга эҳтиром” мавзусидаги сумалак сайлининг файзу тароватида ўз ифодасини топди. Маҳалладошлар, фаол аёллар, ёшлар гавжум бўлган сумалак сайлида нуроний онахонлар томонидан юртимиздаги ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, миллий қадриятларимизга, аёлларимизга қаратилган ҳурмат ва эътибор Ўзбекистонимизчалик ҳеч бир давлатда мавжуд эмаслигини ғурур билан таъкидлашди.
Тадбирда Ҳуржон опанинг янги чоп этилган “Меҳр уммони” китоби қўлма-қўл бўлганидан халқимиз нақадар китобсевар халқ эканига яна бир бора амин бўлдик. Сумалак пишаётган дошқозон атрофида мунис онахонларимиз, лобар опаларимиз мусаффо осмонимиз, юртимиз тинчлиги, фарзандларимиз камоли, халқимиз саломатлиги учун шукрона билдириб, дуога қўл очдилар. Тадбирга келган санъаткорларнинг осуда ҳаётимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлари, аёлларимиз томонидан айтилган халқ оғзаки ижодидан ўрин олган лапарлар, жозибадор рақслар иштирокчиларга баҳорий кайфият улашди. Айниқса, болажонларнинг “Ватан”, “Устоз”, “Она” тўғрисида айтган шеър ва қўшиқлари йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.
Ойшажон Маҳмудова, хонадон эгаси, тадбир ташкилотчиси, партия фаҳрийси:
– Бугун хонадонимда эзгу мақсадлар, хайрли ишлар бошида маҳалладошларим билан дийдорлашганимдан хурсандман. Миллий қадриятларимизга хос урф одатларимизни замирида меҳр-оқибат, юртга садоқат, ўзлигимизни англаш, энг муҳими мана шу гўзал, ўзбекона фазилатларни ёш авлодга софлигича етказиш мужассам. Шунинг учун ҳам ҳар доим қадриятларимизни эъзозлаш мақсадларимдан бири бўлиб келган.
Нуржон Маҳмудова, партия фахрийси:
– Биз — опа-сингилларни Ўзбекистон “Адолат” СДПга бўлган меҳримиз ўзгача. Опам Ҳуржоной ҳар доим партия тўғрисида меҳр билан гапирадилар. Опамнинг оилавий кутубхонасини очилиш маросимида партиямиз фаолларининг жонкуярлигини кўриб, бошимиз осмонга етди. Партия доим одамлар меҳнатини қадрлаб, янада ишчанлик кайфиятини оширишга қодир партия эканига гувоҳ бўлиб келаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, юртимизда шундай оддий, хокисор, Тўмарис сингари жасур аёлларимиз бор экан, янги Ўзбекистонимизнинг келажаги бахтли ва саодатли бўлиши муқаррардир.
Лойиҳамиз, янги қаҳрамонларини эътироф этишда давом этади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+