Минтақалараро маданий алоқалар Янги Ўзбекистон учун энг муҳим босқич

17.07.2021 15:07:09

Ҳаммамизга маълумки, муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан жорий йилнинг 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияси ўзининг бир қатор амалий ташаббусларга бойлиги билан аҳамиятли бўлди.

Мазкур конференциядаги мавзуларнинг долзарблиги жонли тарзда ва катта қизиқиш билан муҳокама қилинаётганлиги мамлакатимиз ташқи сиёсатида жуда катта аҳамиятга эгадир. Транспорт йўлларини ва энергия тизимини такомиллаштириш ва энг асосийси тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масалалари барчани бирлаштириб туради.  Ҳар бир минтақанинг барқарорлигидан ҳамма манфаатдордир.

Ҳозирги кунда минтақалараро ўзаро ҳамкорлик - ривожланиш ва фаровонликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланган. Таъкидлаш керак, Ўзбекистон раҳбариятининг фаол ва конструктив минтақавий сиёсати қўшни мамлакатлар ва ҳамкор давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Илгари сурилаётган ташаббус ва ғоялар, уларнинг амалга оширилиши  минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади ҳамда минтақани ривожлантиришга янгича суръат беради.

Мамлакатимиз жаҳонда муқобили йўқ замонавий дунёда жуда катта аҳамиятга эга бўлган мулоқот ва ҳамкорлик орқали ҳар қандай масалага ечим топиш тарафдори. Шу орқали тинчликсевар мамлакатимиз илгари сураётган глобал ташаббуслар эса давлатлар ва минтақалар ўртасида ўзаро ишонч ва дўстлик муносабатларини ҳамда халқ дипломатиясини мустаҳкамлаб янги имкониятларни пайдо бўлишига олиб келади.

Конференция ишида муҳим масалалар билан биргаликда илм-фан, маданий, маънавий ва маърифий ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан ҳам ташаббуслар илгари сурилди.

Аслида илдизлари асрларга бориб тақаладиган илм-фан, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик бизга аждодлардан меросдир. Унда тарих ва қадриятлар муштарак. Анъана-ю, урф-одатлар, аҳлоқ-одоб, таълим-тарбияда ҳам уйғунлик мужассам. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё азалдан айнан жаҳон тамаддунининг маркази сифатида инсониятнинг энг ноёб кашфиётларига асос солди. Шу заминда етишиб чиққан улуғ алломаларимизнинг  бой мероси, ўлмас асарлари ҳамон салобат тўкиб турган меъморий обидалар, энг асосийси, юксак маданий, маънавий ва маърифий қадриятлар тарихни, ўзликни англаш, комилликка эришишда чинакам энциклопедиядир.

Айнан гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни  мустаҳкамлаш масаласи анжуман кун тартибига киритилганлигининг асл мазмун моҳияти ҳам шундадир. Албатта, фан-таълим алоқаларидаги ришталар ҳам алоҳида ўрин тутади.

Президентимиз ўз мурожаатида илмий ва маданий алоқалар кўламини кенгайтириш, мамлакатлар ўртасида муҳит ишончли шерикчиликни йўлга қўйишда муҳим эканлигига эътибор қаратди. Шунинг учун Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси мавзусида халқаро форум ўтказиш ташаббуси жуда катта аҳамиятга эгадир.

Шунингдек, таълим, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида ёшларнинг фаоллигини оширишга хизмат қиладиган қўшма дастурларни амалга ошириш вазифаси устуворлик касб этгани биз ёшларни жудаям қувонтирди. Халқаро миқёсдаги яна бир форумни ўтказиш ғоясини ўз навбатида тарихий ташаббус, дея эътироф этиш мумкин.

Зеро, бор салоҳият, илмий адабий мероснинг қадри, ёшлар таълим-тарбиясидаги роли асрлар силсиласида янада ошмоқда. Бугунги йигит-қизларга нисбатан Учинчи Ренессанс бунёдкорлари дея ишонч билдирилаётган экан, айнан шунга муносиб, интеллекти юқори, билимли, инновацион ғоя ва таклифларни дадил ўртага ташлайдиган Янги Ўзбекистон ёшларини тарбиялаш, халқаро ҳамкорлик, илғор тажриба ва замонавий технологияларни талаб этади. ЮНЕСКОнинг айни йўналишдаги таклифи Президентимиз ташаббусининг узвий давоми десак, муболаға бўлмайди.

Сардорбек ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мутахассиси,  вилоят “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши фаоли

   

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+