Минтақавий ҳамкорлик – жаҳон миқёсидаги халқаро барқаророрликнинг муҳим омили

16.07.2021 18:07:54

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида муҳим ўзгаришлар рўй бера бошлаганига беш йил бўлиб қолай деди. Бугунги кунда мамлакатимиз қўшни давлатлар билан ўзаро алоқаларни тўхтовсиз ривожлантирмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро уюшмалар доирасидаги ҳамкорлик ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Бунда мамлакатимиз кўпроқ ташаббус кўрсатаётгани, барчани мулоқотга чорлаётгани диққатга сазовордир.

Тошкентда бўлиб ўтган  «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги олий даражали халқаро конференцияси ҳам шундан далолат беради. Ушбу нуфузли анжуманда йигирмадан ортиқ мамлакатдан келган 600 дан ортиқ вакил қатнашди. Улар орасида давлат ва ҳукумат бошлиқлари, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари, сиёсатчилар, экспертлар, журналистлар бор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди. Анжуманнинг ялпи ва шўъба мажлисларида минтақавий боғлиқликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шу жумладан, савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг барқарор ўсишни таъминлашдаги ўрни, маданий-гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарлар муҳокама қилиниши кўзда тутилганди. Мазкур йўналишларнинг барчасида катта ва сезиларли силжишларга эришилди, деб бемалол айтиш мумкин.

Конференциянинг ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев янги очиқ ташқи сиёсий стратегия доирасида  минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ташаббусини олға сурди. Мазкур ғоя Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш орқали минтақамиз билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-цивилизацион йўналишларда тарихан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳудуд — Жанубий Осиёга чиқишни назарда тутади. Эътиборли жиҳати - анжуман давомида янграган  БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг мурожаати, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро молия ташкилотлари бошлиқларининг нутқлари ушбу масалага ҳамоҳанг бўлди. Фақат юксак самарали натижаларга эришиш учун Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақалараро ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли намуналари, икки минтақани ўзаро боғлашга хизмат қиладиган истиқболли инфратузилма лойиҳаларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Мисол учун, қуйидаги йўналишлар иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотганини таъкидлаш лозим:

- минтақалараро алоқани кучайтириш асносида Марказий ва Жанубий Осиё иқтисодиётини модернизация қилиш истиқболлари;

- Марказий ва Жанубий Осиёда транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари, шу жумладан мавжуд транспорт коридорларини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш;

- хорижий ҳамда халқаро молия ва инвестиция институтлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва бошқа масалалар.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу йўналишларда олиб бориладиган иш минтақалар халқлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлайди. Айни пайтда ўзаро дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш воситаси бўлиб ҳам хизмат қилади. Бу билан Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш,   таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш каби соҳалардаги ҳамкорлик янги, янада юқори босқичга кўтарилиши турган гап. Худди шу омиллар минтақаларимизда  янги хатар ва таҳдидларга қарши курашда, шунингдек, трансчегаравий инфратузилмалар хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Бу, ўз навбатида жаҳон миқёсидаги барқарорликни таъминлашга катта ҳисса бўлиб қўшилади.

 

Исроилжон ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+