Муаллим — таълим нажоти

12.06.2024 17:06:24

Юртбошимизнинг Бухорога бу галги ташрифи ҳам эсда қоларли кечди. Айниқса, Ғиждувон туманида ўтказилган йиғилишда Президент томонидан Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Йиғилишда таъкидландики, муаллим — таълим нажоти. Баҳоуддин Нақшбандий таълимотига таяниб, «Кўнгил маънавиятда, қўл ишда бўлиши керак» деган ғоя остида эзгу мақсадлар сари биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Бу изсиз кетмайди, албатта.

Менинг диққатимни тортгани, Президент Бухорога хориждан 5 миллион турист келиши учун катта замин ҳозирланаётганлигини мамнуният билан эътироф қилиб, бироқ, вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликка эътибор сустлиги учун уларга сайёҳлар бормаётганлиги айтди. Шу боис Имом ал-Бухорий, Аббос Алиев ва Мухтор Ашрафий обидаларига туташ ҳудудлар, Деҳқон бозори ва минг йиллик тарихга эга — Бухоро дарвозаси, Исмоил Сомоний мақбараси, истироҳат боғи ва сунъий кўлни жозибадор туризм мажмуасига айлантириш муҳимлигига урғу берилди. «Чор Минор» ва «Истеза» мадрасалари, «Самарқанд» ва «Дарвозаи Саллохона» дарвозалари, «Масжиди Калон» каби объектларни дренаж тизимини таъмирлашга 35 миллиард сўм ажратилиши ҳақидаги хабар эса мен учун энг яхши янгилик бўлди.

Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилаётганлиги, Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилгани, бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилиши ҳам биз бухороликлар учун айнан кутаётган, кўнглимиздаги гаплар эди. Юртбошимиз раҳнамолигида бундай эзгу ишлар йўлга қўйилса, халқнинг турмуш тарзи янада яхшиланиши таъминланади, шубҳасиз.

Бу ишларни амалга оширишда эса ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз шарт деб ўйлайман.

Олима Рафиева,
Бухоро шаҳар 54-сон ДМТТ мудираси
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати,

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+