Муаммо биргаликда ечилмоқда

20.07.2022 17:07:21

Очиғи, сиёсий партиялар фаолияти билан айримлар сайловлар вақтидагина қизиқади. Бир қарашда бу қайси партия вакилларига овоз беришда хулосага келиш учун керак бўлади. Албатта масалага бир тарафлама қараб бўлмайди. баъзи партия фаоллари сайлов жараёнида фаолликни ошириб, бошқа вақтларда талаб даражасида иш юритмаслиги бор гап.

Марҳаматлик “адолатчилар”, Аниқроғи “Адолат” СДПдан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари бу борада бошқача йўл тутмоқда. Халқ вакилларининг олдига қўйилаётган талаб ва партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, йил бошида манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинади. Ҳар ой охирида Депутатлик гуруҳи аъзолари йиғилиб, қилинган ишларни сарҳисоб қилиш баробарида галдаги вазифаларни белгилаб оладилар. Яна ҳудудлардаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб янги вазифалар белгиланади. Бу айни вақтда хайрхоҳларимиз сафининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

-Жамоатчилик билан ишлашда маҳалла институти бизнинг энг яқин ҳамкоримиз,-дейди туман кенгаши депутати Жасурбек Исаев,-Тумандаги мавжуд 48 та МФЙнинг ҳар бири билан алоқани йўлга қўйганмиз. Ҳар ой якунида ўтказиладиган кенгайтирилган йиғилишларида иштирок этиб, сайловчиларнинг фикрларини ўрганамиз. Ҳудудлардаги муаммолар ҳам ана шу жойда маълум бўлади. Муаммонинг ечимини ҳам МФЙ фаоллари билан биргаликда топамиз.

Шу ўринда йилнинг ўтган даврида депутатлар томонидан МФЙлардаги 240 та муаммо бартараф этилгани эътиборли. Уларнинг 41 таси коммунал хизмат, 76 таси тадбиркорлик, 51 таси бандлик, 31 таси уй-жой ва 41 таси бошқа масалаларда.

Жумладан, Қўрғонча МФЙда яшовчиларни кўпдан буён ичимлик сув масаласи қийнаб келарди. Шу йилнинг март ойида мазкур МФЙда яшовчилар “адолатчи” депутатларга шу масалада мурожаат қилдилар. Ўрганиш жараёнида 785 метр ичимлик суви қувури тортиш кераклиги аниқланди. Депутатларнинг аралашуви билан  шунча масофада ичимлик суви қувури тортилди.

Полвонтош МФЙда яшовчиларни 1500 метр йўлни асфальтлаш масаласи ташвишлантирарди. Шу йилнинг май ойида мазкур МФЙда яшовчилар ҳам “адолатчи” депутатларга шу масалада мурожаат қилдилар. Ўрганиш натижасида муаммо назоратга олинди, асфальтлаш ишлари амалга оширилди.

Аҳоли бандлиги долзарб масалалардан бири. Депутатларга бу масалада қилинган мурожаатлар асосида 6 ойда 65 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Жумладан, Жамшидбек Мансуров Андижон нефт қудуқларини таъмирлаш корхонасига, Азизбек Қориев ва Васлиддин Солиевлар хусусий корхоналарга  ишга жойлаштирилди.

Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги Тошлоқ МФЙда яшовчи Сардор Каримов  ва Назокат Латиповаларнинг ҳам халқ вакилларига бўлган ишончи ортди. Чунки кўпдан буён улар бу борада ижобий ечим топа олмаётганди. Депутатлар аралашуви натижасида ҳар иккисига  “Халқ банки” томонидан 14 фоизли  кредит берилди. Ҳозирда иккиси ҳам тадбиркор.

Албатта юқоридаги каби ишларни амалга оширишда депутатлар  Мухаммадисмон Маманов, Мамасидиқ Эргашев ва Жасурбек Исаевлар фаоллик кўрсатмоқда. Амалдаги йилда улар томонидан доимий комиссия ва маҳаллий кенгаш сессияларига 1та  ва  доимий комиссияларга 6 та масала киритилдики бу ҳам уларнинг фаоллигини кўрсатади.   

    Аблиёр Қораев,

“Адолат” СДП Марҳамат туман Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+