Муаммолар ҳал этилди

18.03.2021 14:03:35

Пайариқ туманида Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг “Полвонариқ” маҳалласидаги Оболин қишлоғида жойлашган 69-умумтаълим мактабида Оболин, Олчин, Батрак, Аювчи, Бурқут ва бошқа қишлоқлардан келган ёшлар ва аёллар  иштирокида сайёр қабули бўлиб ўтди.

Ёшлар ва аёллар бу сайёр қабулда нималарга эътибор беришди, қандай масалаларни кўтариб чиқишди?

Жумладан, Бурқутлик Гулжаҳон Сарибекова вилоят ҳокимига қишлоқларида битта оилавий боғча борлиги, аммо у уч-тўрт қишлоқ болажонларини қамраб ололмаётганини айтди. Шунингдек, Пайариқ Халқ банкидан кредит сўрагани, аммо бу масала ҳануз ечилмаётганини билдирди. Бу мурожаатга вилоят ҳокими 2022 йилга бу маҳалла ҳудудида янги мактаб давлат дастурига киритилиши ва ҳозирда 69-мактаб вазифасини бажараётган бино болалар боғчасига айлантирилишини, шунингдек, кредит масаласи мазкур банк раҳбарияти томонидан 3 кун ичида ҳал этилишини билдирди.

Шунингдек, қабул давомида аҳоли томонидан суғорилмайдиган ерлардан чорвани ривожлантиришда фойдаланиш, уй-жойни кадастр қилиш, ишсизлик муаммосини ечиш, 14 фоиздан кредит олиш,  чорва кредити олиш, оилавий боғча очиш учун кредит, спорт залини таъмирлаш, спорт жиҳозлари олиш учун кредит, қишлоқдаги симёғочларнинг чириб қолганларини алмаштириш, қишлоқда Наврўз байрамига таниқли қўшиқчиларнинг келиши, кўрпа-ёстиқлар ишлаб чиқариш, қандолатчиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредит, трансформатор, вай-фай интернет тармоғи олиб  келиш,    ногиронлик аравачаси олиш ва бошқа масалаларда мурожаатлар бўлди. Бу айтилган мурожаатларнинг барчасини амалий ҳал этиш учун вилоят ҳокими мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шунингдек, вилоят ҳокими томонидан рассомчилик билан шуғулланиб, туман ва вилоят манзаралари, одамлари суратларини интернет тармоғига жойлаштириб бориб, шу касбнинг сир-асрорларини ўрганиб келаётган ёш йигит Сухроб Болибоевга видеокамера, яна бир мурожаатчига эса мобил телефон совға қилиниши билдирилди. Бу сайёр қабулда масалаларнинг осон ва тез ечиб берилиши доимий равишда қабулда иштирок этган тумандошларимизнинг қувонч ва олқишларига сазовор бўлиб турди, ёшларнинг руҳиятларига далда бўлди.

 

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+