Муаммолар ўрганилиб, жойида ҳал этилди

04.05.2021 19:05:36

Олий Мажлис Қонунчилик депутати Абдуғани Умировнинг сайловчилар билан учрашуви ғоятда самарали кечди. Депутатга қишлоқ одамлари ўзларини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар юзасидан мурожаат қилишди.  Энг муҳими, депутатнинг ўз вақтида кўрган чора-тадбири туфайли жумбоқлар жойида ечимини топди.

“Балхияк” МФЙда яшовчи фуқаро Парда Хусанов оилавий қийинчиликларга учрагани ва тадбиркорлик қилиш учун маблағ зарурлиги юзасидан депутатга юзланди. Фуқаронинг мурожаатига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Туман “Нуроний” уюшмаси бошлиғи Х.Махсумов билан мулоқотга киришган депутатга суҳбатдоши Хитой қишлоғида қурилиши мўлжалланган мактаб барпо этиш асоссиз равишда кечикаётганлигини маълум қилди. Ушбу ҳолат юзасидан керакли ҳужжатлар ўрганилиб, туман қурилиш бўлими бошлиғига юклатилди.

Шунингдек, “Нуристон” МФЙда умргузаронлик қилаётган фуқаролар Тоғаймурод Эсонов ва Моҳигул Рахмоновалар “Меҳнат дафтарчаси”даги стаж тўлиқ олинмагани ва оқибатда оладиган пенсияси жуда кам миқдорда эканлигини айтиб ёрдам сўрашди. Бу муаммо ҳам депутат саъй-ҳаракати билан туман пенсия жамғармаси томонидан ўрганилиб  ҳал этиладиган бўлди. Сув оқова Нишон туман бўлими бошлиғи Хушмурод Ўтаганов эса 2 километр масофадаги ичимлик сув қувурлари таъмирталаб бўлиб қолганлиги учун полиэтилен қувурларга алмаштириш кераклиги юзасидан мурожаат қилди. Бу камчилик ҳам Абдуғани Умировнинг бевосита раҳнамолиги туфайли туман қурилиш бўлими қўшимча маблағлари ҳисобидан 2 минг метр полиэтилен ажратиладиган бўлди.

Депутатнинг Қарши тумани “Қоратепа” қишлоғи фуқаролари билан учрашувлари ҳам савол-жавобларга бой бўлди. Самимий ва жонли мулоқотда қишлоқ фуқаролари номидан Жума Ҳакимов суюлтирилган газ балонларини тўлдириб келишда кечикиш бўлаётганлиги юзасидан шикоят қилди. Депутат томонидан бундай камчиликларга йўл қўймаслик учун туман газ таъминоти раҳбарига тегишли кўрсатмалар берилди. Дарвоқе, шу куни “Қоратепа”  қишлоғига яна қўшимча 10 та янги газ балонлари ажратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган халқ вакилларининг қишлоқ фуқаролари муаммоларини ўз жойида ўрганиб, эътибор билан ечим топишига ҳиса қўшаётганидан  аҳоли мамнун бўлмоқда.

 

Гулшан КАРИМОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши

 мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+