Муаммонинг ечими ўз қўлимизда

28.05.2024 15:05:29

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан мулоқот ўтказмоқда. Депутат Мавлуда Адҳамжонова аҳоли муаммоларини ўрганишда маҳалла институтига эътибор қаратяпти.

Андижон туманидаги Дўстлик МФЙда бўлган халқ вакили маҳалла еттилигининг дастлабки фаолияти билан қизиқди. Мазкур маҳаллада 4013 нафар фуқаро яшайди, шундан 1943 нафари ёшлар. Ўз ўзидан савол туғилади: ана шу ёшлар билан ишлаш талаб даражасидами? Афсуски бу саволга дадил «ҳа» дея жавоб бериш қийин. Сабаби, янги тизим бўйича ёшлар етакчиси этиб тайинланган Хуршид Қодиров зиммасига юклатилган вазифани ҳалигача тушуниб етмагандек. Маҳалла ёшлари билан ишлашда сусткашлик қилмоқда.

МФЙ раиси Баҳромжон Эргашев тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар билан ишлаш, ёшларнинг муаммоларини ҳал этишда атрофидагиларни фаолликка чақиряпти. Агар янги тизим бир бўлиб иш юритса, маҳаллада муаммога ўрин қолмайди.

Йил бошида МФЙда 15 нафар ишсиз фуқаро аниқланган. Йилнинг ўтган даврида уларнинг 4 нафари ишга жойлаштирилди. Бу бир қарашда яхши кўрсаткич. Аммо бир нафар фуқаронинг ишсизлиги ҳам муаммо.

М.Адҳамжонова юқоридаги каби муаммоларнинг ечимини топиш юзасидан ўз тавсияларини берди. Муаммонинг катта ёки кичиги бўлмаслиги, маҳалла тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бундан кўзда тутилган мақсадни кўрсатиб ўтди.

Барно Камолова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати ёрдамчиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+