Муборак маскан ўзгача чирой очди

04.05.2021 11:05:02

Ўзбекистон Республикаси Олий Маждиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоиловнинг май ойи охиридаги сайловчилар билан учрашувлари мавзу жиҳатидан ниҳоятда ранг-баранг бўлди. Айниқса, Янги Наманган туманидаги “Ғунча” маҳалласи фуқаролари билан ўтказилган мулоқот эсда қоларли бўлди.  Самимий руҳда кечган суҳбатда фуқаролар мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқимизнинг асрий қадриятларини тиклаш борасида жуда кўп ишлар амалга оширилганлигини қайд этдилар. Хусусан, меҳнат фахрийси Икромжон ота Абдуллаев шундай деди:

- Шу йил 20 февраль куни  вилоятимизнинг Чортоқ туманидаги Балиқли кўл қишлоғида жойлашган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи очилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда сўзга чиққанлар Президентимиз ташаббуси билан ушбу муборак маскан бугун ўзгача чирой очгани, зиёратчилар учун барча қулайлик ва шароитлар яратилгани,  қурилиш соҳасидаги янги, замонавий жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган бинолар, иншоотлар қад ростлаётгани, тарихий обидаларимизни қуриш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Шунингдек, ушбу қадамжо зиёрат туризмини ривожлантириш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлгани эътироф этилди.

Иброҳимжон ота Мирсиддиқов эса мамлакатимиз пойтахти ва бошқа вилоятларда ҳам бундай эзгу ишлар кўп ишлар амалга ошириллаётганлиги эътиборга лойиқлигини айтди.  Наманган шаҳридаги “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳи, Уйчи туманидаги “Девонабува” мақбараси каби қатор қадамжолар замонавий услубда мукаммал таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этаётганидан ҳамма бениҳоя миннатдор. Маҳалламиз яқинидаги Мавлавий Намангоний мақбарасини   ҳам мукаммал таъмирлаш режалаштирилмоқда. Мазкур меъморий ёдгорлик айрим маълумотларга қараганда, икки юз йилдан зиёд, бошқа манбаларга кўра ҳатто тўрт асрлик тарихга эга.

Маҳалла фуқаролари шу муносабат билан мақбара яқинида жойлашган “Ҳазрати Мавлавий” масжидини очиб беришда депутатдан ёрдам сўрашди. Чунки “Ғунча” МФЙнинг ўзида ҳозир 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Атрофдаги “Истиқбол”, “Учқун”, “Соҳил”, “Янгийўл” ва бошқа маҳаллалардаги мўмин-мусулмонлар сони эса 15 мингдан ортиқ..  Энг яқин жоме масжидларгача бўлган масофа камида 3-4 километрни ташкил этади. Бу, албатта ҳаммага олислик қилади.

Мавлавий Намангоний мақбариси таъмирлангач, ҳеч шубҳасиз, нуфузли ва одамлар билан гавжум зиёратгоҳга айланади. Бу эса зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим омил бўлади. Ҳар куни юзлаб, балки минглаб меҳмонлар бу муқаддас қадамжога ташриф буюрадилар. Уларга ибодат қилиш учун жой керакми? Албатта, керак.

“Ҳазрати Мавлавий” масжиди эса  мақбарадан атиги бир неча юз метр нарида жойлашган. Шимолий Фарғона канали устига қурилган кўприкни янги, кенгроқ ва замонавийсига алмаштирсак, кифоя. Бундай эзгу  ишларни бажаришга нафақат “Ғунча” МФЙ, балки қўшни маҳаллалар аҳолиси ҳам тайёр.

Депутат кўтарилган масалани атрофлича ўрганиб чиқишга ваъда берди. Бунинг учун меъморий обида ва масжид тарихи ҳақидаги материаллар унга тақдим этиладиган бўлди. Айни пайтда яқин орада Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинши ҳам таъкидланди. Унда халқимизнинг диний-маърифий қадриятларини асраб-авайлашга алоҳида эътибор берилган. Ана шу ҳужжат талаблари асосида ҳаракат қилинса, мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+