МУҲАНДИС – ЗАМОНАВИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНИНИНГ ЛОКОМОТИВИ

21.06.2024 17:06:34

#МУНОСАБАТ

Фан ва инновацион технологиялар бемисл ривожланаётган XXI асрга келиб ишлаб чиқариш, саноат каби кўплаб соҳаларда муҳандисларнинг ўрни ва аҳамияти чандон ошиб кетди. Бугун қайси юқори ривожланишдаги мамлакатни қараманг, албатта, рақобат тобора кучайиб бораётган дунё бозорини эгаллашда айнан инженер-техник ходимларнинг салоҳияти, интеллекти, доимий изланувчанлигига таянганига шоҳид бўласиз.

Биргина мисол билан кифояланайлик. Кун чиқар юрти завод-фабрикаларида меҳнат қиладиган муҳандис-технологлар йилига энг камида битта салмоқли, иқтисодий самараси улкан ихтиро ҳамда ўнлаб рационализаторлик таклифлари учун патентлар олиши оддий ҳолга айланган. Шу сабабдан ҳам Япониянинг муҳандис зоти борки, доимий изланишда, таъбир жоиз бўлса, мунтазам яратишда. Бундай ижодий муҳитга ҳавас қилмай бўладими! Албатта, ҳаваснинг ўзи билан иш битмайди. Шу боис, юртимизда ҳам мана шундай кунларни янада яқинлаштириш учун навбатдаги дадил қадам ташлангани барчамизни мамнун этди.

Давлатимиз раҳбари раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу соҳада муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилгани, энг муҳими, муҳим, изчил ўзгаришлар сари юз тутилгани билан ҳам ижтимоий ҳаётимизда ўзига хос воқеа бўлди.

Ҳа, барчамиз кўриб турибмиз, афсуски, соҳада бир қанча муаммо ва камчиликлар етарли, ҳатто ортиқ даражада тўпланиб қолган. Бу эса олийгоҳ ва саноат корхоналари ўртасида интеграциянинг йўқолишига, 36 та олийгоҳнинг муҳандислик соҳаларига оид йўналишларни битираётган 67 минг талабадан 60 фоизи ўз соҳаси бўйича ишламаслигига сабаб бўляпти. Ваҳоланки, йилига 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилиб, 150 минг атрофида иш ўрни яратилаётган пайтда муҳандис кадрларни илғор жаҳон тажрибалари асосида ўқитиш, улар олган билим ва кўникмасини амалиётда тизимли қўллашини тўғри ташкил этиш сув ва ҳаводек зарурлиги ҳеч кимга сир эмас.

Зеро муҳандислик тармоқлари иқтисодиётнинг асосий йўналиши сифатида мамлакат тараққиётини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга. Сўзимизни биргина жорий йилнинг ўзида давлат инвестиция дастурлари асосида 21 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши, 37,5 миллиард долларлик хорижий ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши назарда тутилгани ҳам исботлайди.

Бугунги кунда инновациялар ва муҳандис кадрларнинг муҳим аҳамияти алоҳида қайд этилган йиғилишда соҳани ривожлантириш учун амалиётга татбиқ этиладиган ташаббуслар ва таклифлар билдирилди.

Жумладан, энди олий таълим муассасаларининг тажриба ишлаб чиқариш корхоналари мақоми қонун билан мустаҳкамланиши, уларга IТ-парк резидентларига қўлланилаётган имтиёзлар берилиши, шунингдек, шуъба корхонаси ишчисининг камида 60 фоизи докторант ва талабалардан иборат бўлиши соҳа ривожида дадил қадам бўлади, албатта.

«Адолат» социал-демократик партияси Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган тизимли ишларни изчил давом эттирмоқда. Чунончи, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, уларни замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурлари, етакчи педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш масалаларига кенг эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, партиямиз илмий ва инженер-техник ходимлар манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлашга ҳам жиддий эътибор беришни мақсад қилган.


Шубҳасиз, мазкур йиғилишда Президентимиз илгари сурган ташаббуслар партиямиз ғоялари билан ҳамоҳанг эканлиги зиммамизга янада улкан масъулият юклайди. Видеоселектор йиғилишида илгари сурилган янги ташаббуслар Янги Ўзбекистонда муҳандислик соҳаси обрўли ва қизиқиш юқори касб, тўғрироғи ҳунарга айланишига сабаб бўлиши билан ҳаммамиз учун аҳамиятлидир. Ишончим комилки, иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга сув билан ҳаводек зарур бўлган юқори малакали муҳандис-технологлар қатлами шаклланишига партиямиз ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Биз ишонамизки, бу чора-тадбирлар мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтиради, инновацион иқтисодиётга ўтиш жараёнини тезлаштиради ва пировардида Янги Ўзбекистоннинг жадал ривожланишига хизмат қилади.

«Адолат» социал-демократик партияси бу йўналишдаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга, ўз таклиф ва ташаббуслари билан жараённи қўллаб-қувватлашга тайёр. Зеро, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги – Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг гаровидир.

Робахон МАХМУДОВА,
«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+