Мулоқотдаги мулоҳазалар

17.08.2021 11:08:42

 

Аҳоли билан сайёр учрашувларда одамларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, пировардида, аҳолининг бугунги яшаётган кунидан розилигига эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айтиш жоизки, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш амалиёти аҳолининг дарду ташвишлари, таклиф ва ташаббусларини ўрганиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишда самарали тизимга айланди.

Жумладан, Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Фаҳриддин Матасимов иштирокида партиянинг “Жамоатчилик назорати-қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида Олмалиқ шаҳрининг “Фурқат” маҳалласида очиқ мулоқот тарзида  сайёр учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ипак йўли кўчасининг бир қисмида ноқонуний темир бетон гаражлар атрофида маиший чиқиндилар тўпланиши, турли хил жиноятлар содир этилишига, тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда ички ишлар махсус автомототранспорт воситалари белгиланган манзилларга келишига ноқулайликлар туғдираётганлигига сабаб бўлган мазкур ҳолат бўйича  маҳалла фаоллари  депутатга мурожаат қилишди.

Халқ вакили  томонидан мурожаат ўрганилди ва Давлат кадастр хизматига депутатлик сўрови юборди.

– Аксарият ҳолларда гаражлар жойлашган ҳудудлар ташландиқ кўринишга эга бўлиб, ёнғин ва жамоат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди, – дейди Ф.Матасимов. – Гаражлар атрофида мунтазам равишда чиқиндилар тўпланиб қолмоқда. Жуда кўп ҳолларда гаражлар тартибсиз ўрнатилган, кўпчилиги эса мақсадли фойдаланилмаяпти. Шахсий автомобиллар турар жой мавзеларининг катта қисмини эгаллаб, болалар ўйингоҳлари ва аҳоли дам олиши учун жой тобора қисқариб бормоқда. 

Шу сабабли, депутат Ф.Матасимов ташаббуси билан шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳарсозлик, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талаблари ҳамда аҳоли хавфсизлигига жавоб бермайдиган темир бетон гаражлар, хусусий ва индивидуал тартибда қуриб олинган гараж ва қурилмалар  бузиб ташланмоқда.

Уларнинг ўрнида лойиҳада белгиланганидек, очиқ ва ёпиқ турдаги автомобиллар тураргоҳи (парковка) пуллик ёхуд бепул оддий автотураргоҳлар барпо этилади.

 

Фотима САТТОРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+