Белгиланган вазифалар ғояларимиз рўёбига хизмат қилади

26.05.2024 11:05:08

МУНОСАБАТ

Бугун янги Ўзбекистонни барпо этиш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан дадил бораётган мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда жадал ўзгаришлар давом этмоқда.

Сир эмаски, амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг самараси кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг ҳуқуқий-сиёсий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ.

Жойларда аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бугун ҳар доимгидан-да, долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу боисдан Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар замирида давлат органларини халқчил тузилмага айлантириш орқали фуқароларнинг кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳуқуқий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадлари мужассам.

Кўзлаган марраларимизга етишда барча давлат органларининг халққа яқин бўлиб, масъулларнинг кўпроқ одамлар орасида, маҳаллаларда юриб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларини биргаликда ҳал этишга интилиши жуда муҳим.

Мазкур омил, айниқса, адлия идоралари фаолиятида энг устувор йўналишга айланиши жуда катта аҳамиятга эга. Чунки, туғилишдан тортиб, ҳаётнинг барча бошқа муҳим жабҳаларида одамлар адлия органларига мурожаат қилади, уларнинг ҳаракатига қараб, давлат сиёсатига баҳо беради.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида»ги фармони том маънода ушбу тузилмани халқчил тузилмага айлантиради, десак адашмаймиз.

Эндиликда адлия органлари фуқароларимизнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этишда мутлақо янгича тизим асосида ишлашга ўтадилар.

Фармонда халқимиз фаровонлигини таъминлаш, уларнинг бугунги кунидан рози қилиш, эртанги кунига ишончини ошириш мақсадида адлия органлари фаолиятини трансформация қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва норма ижодкорлигини такомиллаштириш бўйича жуда катта вазифалар, марралар белгилаб берилди.

Ўз ўрнида айтиш жоизки, давлат ва жамият ҳаётида адолат мезонлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга интилиб, аҳолининг ҳуқуқий-сиёсий саводхонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиб келаётган «Адолат» социал-демократик партиясининг кўплаб дастурий мақсадлари фармонда белгиланган вазифаларда ўз аксини топганлиги партиямиз вакилларини ушбу муҳим ҳужжатнинг ижросини самарали таъминлашда янада фаол бўлишга ундайди.

Боиси, «халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилмоғи керак» ғояси давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини таъкидлаб, рақамли технологияларни давлат хизматларига кенг жорий этиш орқали аҳолига қулайлик яратишни, ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи тўлақонли таъминланишини мақсад қилган партиямиз учун мазкур фармон ғояларимиз рўёбига дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ишончимиз комилки, фармон давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимизда адолат ва ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишда адлия органларининг роли ва масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Робахон Махмудова,
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+