Муносабат: Тергов судьялари фаолиятининг жорий қилиниши адолатли жамият қуриш йўлида муҳим босқич саналади

09.07.2024 10:07:27

 

Юртимизда фаолият олиб бораётган «Адолат» СДП томонидан мамлакатимизда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Айниқса, партиянинг судлар мустақиллигига эришиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш борасида олиб бораётган фаолияти алоҳида эътирофга сазовордир. Мен сиёсий кучнинг хайрихоҳи сифатида доимо «адолатчилар» билан ҳамкорлик қилиб келаман.

Ҳа, ўз конституцион ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини истаётган ҳар бир фуқаро мамлакатдаги адолат қўрғони ҳисобланмиш судларга суянади. Бугунги суд жараёнларида «Инсон қадри учун» тамойили асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, одамларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлида янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган муҳим ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилинишига эришиш мақсадида жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу муҳим ҳужжатга асосан 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш белгиланди. Хорижий тажрибада ўз самарасини кўрсатган мазкур амалиётнинг республикамизда жорий этилиши мамлакатимиз суд-тергов амалиётидаги муҳим босқич бўлди.

Фармон билан Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақат апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш, тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаётининг дахлсизлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳар кимнинг сир сақланиши лозим бўлган ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари каби ҳуқуқларининг чекланиши фақат суднинг санкцияси орқали амалга оширилиши мустаҳкамланмоқда.

Тергов судьясига қуйидаги жиноят материаллар, шу жумладан, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилмоқда:

-қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш;

-қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш;

-паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш;

-мурдани эксгумация қилиш;

-почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш;

-тинтув ўтказиш;

-телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш;

-мол-мулкни хатлаш.

Фармон билан Тергов судьяси лавозими учун штат бирликларини судлардаги мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025-2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобидан шакллантириш белгиланган.

Ушбу йўлдаги муҳим омиллардан бири, яъни тергов судьясига юклатилган вазифаларни адолатли ва холисона бажариш, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилиш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилаб берилди.

Тергов судьяси ўз фаолиятини қонунда белгиланган тартибда мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди. Тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиб, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раислари томонидан амалга оширилади.

Тергов судьялари фаолиятининг жорий қилиниши мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимининг ривожланишидаги аҳамиятга эга босқич бўлиб, мазкур босқич тизимнинг самарасини ошириш билан бир қаторда адолатли жамият қуриш йўлида муҳим саналади.

Шунингдек, ушбу Фармон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Абдуқаюм МАҲКАМОВ,

Қашқадарё вилоят судининг раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+