Мурожаатлар ортидаги муаммолар

25.07.2022 10:07:57

Кейинги йилларда маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасидаги масъулият янада ошди. Аҳамиятлиси, сайловчилар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан аксарият ҳолларда ўз вакилларига чиқмоқда. Мурожаатлар ҳудудлардаги муаммолар билан боғлиқлиги бизни жамоатчилик орасига чуқур кириб боришга ундамоқда. Шу маънода халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги «Адолат» СДП Депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан бу масалага алоҳида эътибор билан қаралаётгани бежиз эмас.

Узоққа бормайлик, жорий йилнинг 6 ойи давомида сайловчилардан 151 та мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 104 таси ёзма, 44 таси оғзаки, 3 таси электрон мурожаатлардан иборат. Ушбу мурожаатларнинг ҳар бири назоратга олиниб, масъул ташкилотлар билан биргаликда ечимини топиш чоралари кўрилмоқда. Шу кунгача 58 таси ижобий, 33 таси ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилди, 9 таси узоқ муддатли ижрога қаратилди.

Шу ўринда аниқ мисолларга тўхталсак. Асака тумани, Арғин МФЙ, Жонон-2 кўчасида яшовчи фуқаролар томонидан электр сим ва ёғоч устунларнинг носозлиги, бу қиш фаслида электр таъминотида узилишларга сабаб бўлаётгани билдирилди.

Ўрганиш натижасида сайловчиларнинг ташвиши ўринли эканлиги маълум бўлди. Мурожаатга асосан, «Андижон электр тармоқлари» корхонасига чиқилди. Мазкур кўчага 20 дона бетон устунлар олиб келиб ўрнатилди. Бундан аҳоли хурсанд.

Андижон шаҳар, «Соғлом Авлод» маҳалла фуқаролар йиғинидаги сайловчилар депутат Иброҳимжон Митиллаев олдига 38-мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш масаласини қўйди. МТМ биноси чиндан ҳам талаб даражасида эмас. Бу масала Депутатлик гуруҳининг шу йил февраль ойидаги йиғилишида ҳам муҳокама қилинди. Натижада бюджет маблағлари ҳисобидан реконструкция қилиниб, 180 ўринлидан 380 ўринлига мослаштирилди. Ота-оналар депутатнинг бу кўмагига жавобан республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишларини билдирдилар.

Мурожаатлар орасида фуқароларнинг шахсий муаммолари ҳам ўз ифодасини топмоқда. Улар масъул ташкилотлар томонидан ечимини топмагач халқ вакилларига сўнгги умид билан ёзилган. Масалан, Асака тумани, Фаровон МФЙ, Қадим кўча, 114 -уйда яшовчи Рохилахон Тожибоева кам таъминланган оила эканлиги, ўзининг ногиронлиги, 3 та фарзанди билан моддий жиҳатдан қийналиб қолганлигини билдирган.

Мурожаатга асосан, Асака тумани 4-сектор раҳбарлигида ушбу фуқаронинг яшаб турган жойига бориб ўрганилди. Оила чиндан ҳам ўзгалар кўмагига муҳтож. Ҳомийлар томонидан озиқ -овқат маҳсулотлари, духовка олиб берилди. 1 сотих томорқасига иссиқхона ташкил қилинди. Натижада оила аъзоларининг бандлиги ҳам таъминланди.

Андижон шаҳар 88-оилавий ётоқхонада яшаб келаётган фуқаро Нилуфар Усмонова уй-жой масаласида мурожаат қилган. У бошқалар каби ўз яшаш уйи бўлишини истайди. Бироқ имконияти йўқ.

Фуқаро мурожаати назоратга олинди. Хўжаобод тумани «Мустақилликнинг 27 йиллиги» МФЙ ҳудудидан 2 сотихли ер ажратилиб, ҳомийлар томонидан 3 хонали уй қуриб берилди. Нилуфар янги хонадонда яшаш баробарида юртимиз ободлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Қўрғонтепа тумани, Олтин водий МФЙда яшовчи фуқаро Муҳайё Нурматованинг мурожаати ҳам уй-жой масаласида. Ўрганиш натижасида унга шу йилда қуриб битказиладиган уй-жойлардан бериладиган бўлди.

Умуман олганда биз халқ вакилларининг хонадан чиқиб, кўпроқ ҳудудларда жамоатчилик орасида бўлишимиз ўз самарасини бермоқда. Зиммамизга юклатилган асл вазифа ҳам мана шу. Бизга бўлган мурожаатлар ортида фуқароларни қийнаётган муаммолар ва инсон тақдири ётганини унутмаймиз.

Насибахон Тўйчиева,

халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+