Мурожаатнома - юртимиз тараққиёти учун муҳим қўлланма

07.01.2023 18:01:11

Куни кеча барчамиз юртимиз тараққиёти учун муҳим ҳисобланган, янги ташаббусларни, янги воқеаларни тақдим этадиган тарихий воқеликка гувоҳ бўлдик. Яъни, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаатини кенг жамоатчилик билан бир қаторда биз «Адолат» социал-демократик партияси вакиллари ҳам катта эътибор билан тингладик. Анъанага мувофиқ, Президент Мурожаатномасида якунланаётган йилни сарҳисоб қилиш билан бир қаторда 2023 йилда мамлакатимизни барча жабҳаларда ривожлантиришнинг устувор вазифаларини белгилаб берди. Хусусан, юртимиздаги мавжуд чекланган сув ресурсларидан тизимли ва самарали фойдаланиш билан боғлиқ мураккаб ва глобал масаланинг бугунги ҳолати ва барқарор ечими тўғрисида алоҳида тўхталди.

Сув хўжалиги соҳасидаги оқилона давлат сиёсати туфайли кейинги йилларида ирригация салоҳияти нафақат сақлаб қолинди, балки муваффақиятли тарзда модернизация қилинмоқда. Сўнги йилларда сув хўжалигида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Кенг миқёсда сув ресурсларини интеграллашган бошқариш тизими жорий этилмоқда.

Амалга оширилган тадбирлар туфайли аҳвол сезиларли даражада яхшиланган бўлсада, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, ичимлик сув таъминотида, сув ресурсларининг энг йирик истеъмолчиси бўлган қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлиги нисбатан бироз паст даражададир. Бунинг сабаблари айрим ҳолларда суғориш меъёрларининг номутаносиблиги, суғориш тизимларининг техник даражаси қониқарсизлиги, сувга бўлган муносабатнинг талаб даражасида эмаслиги ва қатор бошқа ҳолатлар билан боғлиқдир.

Мурожаатномада Давлатимиз раҳбари томонидан бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизими жорий этилиши, келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объекти рақамлаштирилиши, шу билан бирга, 16 та йирик насос станцияси давлат-хусусий шерикчилик асосида модернизация қилиниши, сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисмини туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтириш борасида айтилган фикрлар, қишлоқ хўжалиги ва суғориш тизими борасидаги кўплаб муаммоларга ечим бўлди.

Мурожаатномада келтирилган фикрларга эътибор билан қаралса, жуда кенг қамровли масалалар бўйича чуқур мазмун ва асосга эга бўлган таҳлиллар, пухта ўйланган таклифлар баён қилинган.

Юртбошимиз томонидан қўйилган бу мақсадга эришиш йўлида давлатнинг ташаббускорлиги асосида амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва техник тадбирлар муҳим роль ўйнайди. 

Бироқ мақсадга тўла эришиш йўлида жамоатчилик, мутахассислар ва барча сув истеъмолчиларининг сув ресурсларидан фойдаланишга бўлган муносабатларини тубдан ўзгартириш талаб этилади.

Шоҳида ДАМАНОВА,

«Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши «Аёллар қаноти» раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+